Ички секреция

Ички секреция – организмдаги ҳар хил аъзо ва тўқималарнинг қонга ёки тўқима сюқлигига махсус моддалар ишлаб чиқариши. Одатда, ички секреция безлари (эндокрин безлар) деганда махсус физиологик фаол моддалар – гармонларни синтезлаб, организмнинг бевосита ички муҳити – қон ва тўқима суюқлиғига чиқарувчи безлар тушунилади. Ички секреция безларига гипофиз, қалқонсимон без, қалқонсимон без ёнидаги безчалар, буйрак усти безлари, меъда ости безининг оролча (инкретор) қисми, жинсий безларнинг бир қисми, шунингдек, э. пифиз(ғуррасимон без), айрисимон без (тимус) киради. Ички секреция безларининг ҳаммаси бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, ягона функционал тизимни ташкил этади, унинг фаолиятини нерв тизими бошқаради. Гипофиз ички секреция безлари орасида алоҳида ўрин тутади. Ички секреция безларидан чиқадиган гормонлар организмнинг турли аъзо ва тзимларини бир-бирига боғлайди, организм фаолиятларининг гуморал йўл билан (суюқликлар воситаси билан) бошқарилишида қатнашади. Ички секреция безларининг асосий вазифаси моддалар алмашинуви, ўсиш, жисмоний тараққиёт ва балоғатга етишни бошқаришдан иборат.

Организмнинг ўзгариб турадиган ташқи ва ички муҳит шароитига мослашувида ички секрециянинг аҳамияти катта. Масалан, тана ҳароратининг рефлекс йўли билан бошқарилишида гипофиз ва қалқонсимон бездан чиқадиган гормонлар миқдори ўзгариб туради. Организмга инфекция, интоксикация (заҳарланиш), шикастлар, оғриқ таъсир этганда, киши ҳаяжонланганда ва шунга ўхшаш ҳолларда буйрак усти безлари, гипофиз ва қалқонсимон без тегишли гармонларни кўпроқ чиқаради; айни вақтда, моддалар алмашинуви кучайиб, юрак уриши тезлашади, шикастлар ёки интоксикация таъсирида қон босими кўтарилади ва организмнинг бошқа бир қанча фаолияти фаоллашади, буларнинг ҳаммаси организмнинг ўзгарган шароитга мослашувига ёрдам беради. Ички секреция безлари гарчи бир-бирига таъсир этса ҳам, бирор безнинг кўпроқ зарарлангани ҳақида фикр юритишга ва унинг касаллиги ҳақида гапиришга имкон берадиган муайян симптомларни ажратиш мумкин. Масалан, гипофизнинг олдинги бўлаги етарли ишламаганда бўй ўсмайди, одам озиб кетади (кахексия); гипофизнинг оркадаги бўлаги етарли ишламаганда қайдсиз диабет, олдинги бўлаги касалланганда гигантизм ва акромегалия рўй беради ва ҳ. к. Буйрак усти безлари пўстлоқ қаватининг фаолияти бузилганда бронза касаллиги, аёлларда шу қават гормонларидан бири ортиқча ҳосил бўлганда вирилизм рўй беради. Буйрак усти безларининг мағиз қавати зарарланганда адреналин кўп ишланиб чиқиши туфайли қон босими дапқир-дапқир кўтарилади, тана ҳарорати ўзгариб туради, қонда қанд кўпаяди (гипергликемия). Меъда ости безининг ороча (инкретор) қисми инсулин гормонини кам чиқарганда қандли диабет пайдо бўлади.

Қалқонсимон безнинг ортиқча ишлаётгалиги диффуз токсик буқоқда, кам ишлаётгалиги эса микседема ва эндемик букри,да намоён бўлади. Қалқонсимон без ёнидаги безчалар етарли ишламаганда кальций ва фосфор алмашинуви, жигарнинг заҳарларни зарарсизлантириш фаолияти бузилади, натижада тетания рўй беради.

Ички секреция безларининг касалликларини эндокринолог шифокор даволайди. Беморга гормонал препаратлар, рентгенотерапия, операция, парҳез, физиотерапия ва иқлим билан даволаш буюрилади.

Загрузка...