Гипофиз

Гипофиз [юн. hypophysis – ўсиқ], бош миянинг пастки ортиғи – одам ва умуртқали ҳайвонлар ички секреция безлардан бири; у калла суяги асосидаги турк эгарида жойлашган бўлиб, гипофизар оёқча деб аталган махсус тузилма орқали бош мия билан бириккан. Моддалар алмашинуви, шунингдек, бошқа ички секреция безлари фаолиятини бошқарадиган бир қанча пептид гормонлар ишлаб чиқаради. Вазни 0,5-0,б г. Гипофизнинг олдинги, ўрта ва орқа бўлаги бор. Олдинги бўлак бутун безнинг 70 % ни ташкил этади, у қон томирлари жуда кўп бўлган зич безсимон тўқимадан иборат. Бу бўлак бошқа безларга қараганда гормонлар ҳосил қилиш жиҳатидан энг фаол ҳисобланади. У 7 хил гормон ажратади; булар орасида организмни ўстирадиган гормон бор, у тўқималарда юз берадиган биокимёвий жараёнларга бевосита таъсир кўрсатади; гипофизнинг бошқа гормонлари ички секрециянинг бошқа безлари орқали таъсир этади. Шу боис улар тропгормонлар (юн. тропос – йўналиш) деб номланади. Буларга буйрак ости безлари пўстлоғининг фаолиятини стимулловчи адренокортикотроп; қалқонсимон без фаолиятига таъсир қилувчи тиреотроп; жинсий безларга таъсир қилувчи гонадотроп; сут безлари фаолиятини рағбатлантирувчи пролактин ва бошқа(лар) киради.

Ўрта бўлак тўқималарда меланин пигментнинг ҳосил бўлиши ва таксимланишини, кўзнинг тўр пардасида эса кўрув пурпурини тартибга солиб турадиган гормон ишлаб чиқаради. Орқа бўлак анча кичик ва мия гипофизар оёқчасининг гўё давоми ҳисобланади. Унда безсимон тўқима бўлмайди ва тузилишига кўра нерв тўқимасига жуда ўхшаб кетади. Шу сабабли у нейрогипофиз деб аталади; бу бўлак гормонлар ажратмайди; у гормонларнинг ўзига хос йиғиладиган жойидир; бу ерда вазопрессин ва окситоцин гормонлари тўпланиб боради, булар гипоталамус дарсларида ҳосил бўлиб, у ердан гипофизнинг орка бўлагига тушади. Гипофиз гормонлари оқсилдан ташкил топган, уларнинг кимёвий тузилиши аниқланган ва кўпчилиги синтез қилинган. Улар эндокрин ва бошқа(лар) касалликларни даволашда қўлланилади. Моддалар алмашинуви, гормонал бошқарилиш ва ўсишни назорат қилишда гипофизнинг аҳамияти муҳим (қ. Акромегалия, Гигантизм, Паканалик).

[addtoany]