Гипотония [гипо… ва юн. tonos – таранглик] – тўқима, аъзо ва тизимларнинг бўшашуви, яъни тонуси (таранглиги)нинг пасайиши. Юрак-томир тизимининг тонуси пасайганда қон босими паст бўлади. Гипотония, кўпинча, қон босимининг пасайганлигини ифодалайди (90/60 мм симоб устунидан паст). Қон босимининг марми (нормадагиси) ёшга, географик минтақага қараб бироз фарқ қилиши мумкин (тропик ва субтропик мамлакатларда яшайдиган кишиларнинг қон босими шим. худудлардагиларга нисбатан пастроқ бўлади). Спорт (айниқса, оғир атлетика) билан мунтазам шуғулланадиган йигит-қизларда, оғир жисмоний иш қиладиган кишиларда, балет артистларида гипотония йиллаб, баъзан эса умрбод давом этиши мумкин. Бундай кишилар ўзларини яхши сезадилар ва бемалол ишлайверадилар. Бу физиологик гипотония бўлиб, дори-дармоннинг ҳожати йўқ. Патологик гипотония эса турли инфекцион касалликлар, заҳарланиш, оч юриш ёки ёлчитиб овқатланмаслик, шунингдек, эндокрин безлар касаллиги натижасида юзага келади. Бу жараён кўпгина касалликларнинг бошланиш белгиларидан бўлиши ёки вегетатив нерв тизими фаолиятининг издан чиқиши сабабли мустақил касаллик сифатида авж олиши мумкин. Гипотонияда бош оғриғи, мадорсиланиш, уйқу бузилиши, жиззакилик, қон босимининг бирдай паст туриши ва бошқа(лар) кузатилади. Гипотония, одатда, сурункали кечиб, вакт-вакти билан, айниқса, қиш-баҳорда, шунингдек, руҳий ҳаяжон ёки ноқулай ташқи омиллар (об-ҳаво кескин ўзгарганда) таъсирида қайталаниб туради. Касалликнинг олдини олиш учун меҳнат ва дам олишни тўғри уюштириш, дам олиш кунлари яхши ҳордиқ чиқариш, бадан тарбия билан шуғулланиш, эрталаб аччиқ чой ёки қаҳва ичиш, бекаму кўст овқатланиш керак. Гипотония белгилари пайдо бўлганда шифокорга мурожаат қилиб, даволаниш лозим. Даво, асосан, касалликка сабаб бўлган омилларни бартараф этишдан иборат. Қон босимини кўтарадиган ва кувватга киргизадиган дорилар, шунингдек, санаторий ва курортларда даволаниш тавсия этилади.
[addtoany]