Гиппурат кислота

Гиппурат кислота [лот. hippos – от ва uron – сийдик], бензоилгликокол, бензоил-глицин, C6H5CONH2CH2COOH – органик модда; одам ва ҳайвонлар (айниқса, ўтхўр ҳайвонлар) организмида моддалар алмашинувининг охирги маҳсулотларидан бири. Жигар ва буйракларда бензой кислота билан глициндан ҳосил бўлади (озиқ-овқат, айниқса, мевадаги заҳарли бензой кислотанинг зарарсиз ҳолга келиш маҳсули). Сийдик билан суткасига 0,7 г чамаси гиппурат кислота чиқиб туради. Эпидемик гепатит, жигар циррози, юрак декомпенсацияси ва буйрак касалликларида гиппурат кислота кам чиқади. Жигар қандай ишлаётганини аниқлаш учун клиникада беморга натрий бензой ичириб, сийдигидаги гиппурат кислота аниқланади (Кет усули).

[addtoany]