Сийдик

Сийдик, пешоб – одам ва умуртқали ҳайвонлар моддалар алмашинуви маҳсулоти (экскрет); буйракларда ишланиб сийдик йўллари орқали чиқариб юбориладиган суюқлик. Организмдан сийдик билан бирга сув, тузлар ва бошқа чиқиндилар, шунингдек, организмга кирган ёки унинг ўзида ҳосил бўлган турли заҳарли моддалар чиқиб кетади. Одамдаги меъёрий сийдик тиниқ, сарғиш рангда. Унинг оғирлиги 1010 – 1025 г/см3; рН = 4,8 – 8,0 (Пешоб реакцияси оқсилга бой овқат истеъмол қилинганда кислотали, ўсимлик овқатлар ейилганда бироз ишқорийдир). Сийдик таркибида 96 % сув, 1,5 % туз, 2,5 % органик моддалар (мочевина, сийдик кислота ва бошқалар) бор. Сийдикда ҳам қон плазмасидаги каби тузлар, асосан, NaCl, шунингдек, сульфатлар, фосфатлар ва калий, магний, аммоний карбонатлари учрайди. Одам нормада бир кеча-кундузда 1,2-1,б л ча сийдик ажратади. Унинг миқдори ва таркиби суюқликнинг ичилиш тартиби, овқатнинг тури, ташқи муҳит ҳарорати, функционал зўриқиш ва бошқа(лар) омилларга боғлиқ. Пешоб физик-кимёвий хоссаларининг кўрсатилган омилларга боғлиқ бўлмаган ҳолда ўзгариши организмдаги баъзи ўзгаришлардан дарак беради. Масалан, тўқ рангли сийдик ажралиши жигар фаолиятининг бзилганлигини, «гўшт сели»га ўхшаш пешоб сийдик аъзолари жиддий касалланганлигини кўрсатади. Сийдикда оқсил пайдо бўлиши буйрак ва қовуқ яллиғланганидан, қанд бўлиши эса қандли диабет борлигидан далолат беради. Шу боис пешобни текшириш (анализ) кўпгина касалликларни аниқлашда муҳим аҳамиятга эга. Анализ учун наҳорги С. дан 100 – 200 мл тоза идишга солниб, оғзи яхшилаб беркитилади. Бундан олдин ташқи жинсий аъзоларни ювиш лозим (қ. Шахсий гигиена).

[addtoany]