Говмижжа

Говмижжа, говмичча – қовоқ четидаги ёғ безлари (ташқи говмижжа) ва киприк тук пиёзчаси (ички говмижжа)нинг ўткир йирингли яллиғланиши. Ташқи говмижжада йирингли шиш қовоқ четига, ичкисида эса шиллиқ парда томонга қараган бўлади. Безчаларга йиринг пайдо қилувчи микроорганизмлар тушиши, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, шунингдек, моддалар алмашинувининг бузилиши, авитаминоз, камқонлик, дармонсизлик, умумий иммунитетнинг пасайиши, қандли диабет, меъда-ичак ва юқори нафас йўлларининг касалликлари, кўз рефракциясининг аномалиялари, кўзёш оқиш йўлларининг касалликлари говмижжага ёки унинг тез-тез қайталанишига сабаб бўлади. Касаллик қовоқ четида оғриқли нуқта пайдо бўлиши билан бошланади, сўнгра унинг атрофи қизариб шишади. 2-3 кундан сўнг унинг учи сарғайиб ёрилади ва ундан йиринг чиқади. Говмижжага қовоқ ва шиллиқ парданинг қизариши ва шишиши қўшилади. Баъзан бир нечта Г. чиқиши, уларнинг бир-бирига қўшилиши ёки қайта-қайта чиқиши кузатилади. Бунда бош оғриб, ҳарорат кўтарилади, қулоқ олди ва жағ ости лимфа безлари катталашади ва оғрийди. Бундай яра чиққанда шифокорга мурожаат этиш лозим. Уни сиқиш ёки ситиш ярамайди, акс ҳолда, инфекция қонга ўтиб кўз косасининг флегмонасига ва менингит, сепсис каби оғир асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Говмижжанинг олдини олишда озодалик тартибларга қатъий амал қилиш, ифлос, чанг жойларда ишлаганда ҳимоя ойнакларидан фойдаланиш, организмни толиқтирадиган касалликларни ўз вақтида аниқлаб даволатиш лозим. Даволаш учун кўзга антибиотик ва сульфаниламид препаратларининг эритмалари томизилади ёки суртмапари қўйилади. Йиринг кетгандан сўнг қуруқ иссиқ ва УВЧ буюрилади.

Загрузка...