Грелка [рус. – иситкич] – баданнинг маълум жойини иситиш учун мўлжалланган мослама. Баданнинг грелка қўйиб иситиладиган қисмида қон кўп тўпланиб, оғриқ йўқолади. Резина халтача шаклидаги ва электр токи билан исийдиган грелкалар мавжуд. Махсус грелка бўлмаса, оғзи тиқин билан маҳкам ёпиладиган шиша ишлатиш ҳам мумкин. Ичига иссиқ қум ёки қипиқ солинган (қуруқ иссиқ) халтадан фойдаланса ҳам бўлади. Резина грелкага ҳажмининг 50 % қисмигача сув қўйилади ва қолган қисмидаги ҳаво эҳтиётлик билан чиқариб юборилади, огзидаги тиқин яхшилаб бураб қўйилади. У жуда иссиқ бўлса, олдин адёл устидан, бироз совигач, чойшаб устидан, охирида баданга қўйилади. Киши совқотганда грелка биринчи тиббий ёрдам сифатида қўлланади (қ. Совуқ олиши). Беморни парвариш қилиш, оғриқни қолдириш мақсадида иситкич қўйилганда, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиш лозим.