Беморни парвариш қилиш

Беморни парвариш қилиш – беморларга ҳар томонлама ёрдам бериш ва шифокор кўрсатмаларини бекаму кўст амалга оширишни таъминлайдиган тадбирлар мажмуи; давонинг муҳим таркибий қисми. Турли касалликларда беморни парвариш қилишнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Шу билан бирга, барча беморларга тегишли умумий парвариш қоидалари мавжуд. Беморнинг маълум бир тартибга амал қилиши, тўғри овқатланиши, шифокор буюрганларини тўла-тўкис бажо келтириши, бемор аҳволини узлуксиз кузатиб бориш, шунингдек, дард туфайли заифлашиб қолган организмни бошқа касалликлардан ҳимоя қилиш ҳам беморни парвариш қилишга киради. Беморни парвариш қилиш тадбирлари беморнинг умумий аҳволига қараб белгиланади. Шифокор лозим бўлган тартиб (режим)ни тавсия этади, яъни қимирламай етиш тартиби (ўринда ҳаракат қилинмайди), етиш тартиби (ўринда турмасдан ҳаракат қилиш мумкин), ётиб туриш тартиби (хона ичида ҳаракат қилиш мумкин), умумий тартиб (фаол ҳаракат қилишга рухсат берилади). Бемор ўзига ўзи бемалол қарай олса ҳам, унинг яқинлари иложи борича қулай шароит туғдиришлари, кайфиятини бузмасликлари, врач кўрсатмаларини амалга оширишини кузатиб боришлари лозим. Бемор уйида даволанадиган бўлса, у ётган хона алоҳида, озода, ёруғ, илик (18-20°) бўлиши, кунда уч маҳал – эрталаб, кундузи ва кечқурун – ухлашдан олдин шамоллатиб турилиши зарур (ҳатто қишда ҳам). Бунда бемор иссиқ адёл, боши эса қалин сочиқ билан ўралади ва юзи очиқ қолдирилади. Бемор совқотмайдиган қилиб яхши ўраб қўйилса, соф ҳаво ҳеч зарар қилмайди. Ёзда дерзани кун бўйи очиб кўйган маъқул. Хона кунига 2 марта: эрталаб ва кечқурун ётишдан олдин йиғиштириб, тозаланади. Бунда дераза ромлари, эшик, мебеллар нам латта билан артилади, пол ювилади ёки латта ўралган чўтка билан тозаланади. Гиламлар, қалин дераза пардалар вақтинча йиғиб қўйилгани маъқул ёки тез-тез (ҳафтада 1-2 марта) чангюткич билан тозаланади. Хонада пастроқ товушда гаплашиш керак, аммо пчирлаб гаплашиш ярамайди, чунки бу беморга гўё унинг аҳволи оғирлигини яширишга урнаётгандек бўлиб туюлади, радио ва телевизор овози пасайтириб қўйилади. Беморни бирор жойга ўтказиш керак бўлса, махсус кресло ёки замбилдан фойдаланилади. Бу ишни бажарувчи ёлғиз бўлса, у бир қўлини беморнинг кураги остидан, иккинчисини сонининг тагидан ўтказиб, кўтаради; бунда бемор кўтарувчининг бўйнига осилиб олади. Бошқа жойга ўтказишдан олдин жойнинг тайёрлиги кўздан кечирилади. Аҳволи оғир беморлар чойшаби тагидан клеёнка солинади, думғаза остига резина доира, остга тувак, сийдикдон қўйилади, уларга ечинишларида ёрдам кўрсатилади. Беморнинг кўрпа-тўшаги узун ва кенг бўлгани маъқул. Тўшак устидан оқ чойшаб ёзилади.

Баъзи касалликларда шифокор тавсияси билан тўшак остидан унинг катталигида тахта қўйилади. Беморни иссиқ қилиб, ўраб-чирмаш ярамайди. Каравот иситгич асбобларига яқин қўйилмайди, уни икки томонидан бемор олдига бемалол келиш мумкин бўладиган қилиб қўйиш керак. Бемор чойшабини эҳтиётлик билан алмаштириш лозим. Бунинг учун беморни (агар тура олмаса) авайлаб ўрин четига суриб, чошабнинг бўшаган қисмини юмалоклаб ўраб, бемор ётган жойгача олиб келинади, унинг ўрнига тоза чойшаб ёзиб, беморни унинг устига ўтказилади, ўралган кир чойшаб эса йиғиштириб олинади. Оғир ётган беморнинг кўйлагини алмаштирганда кўйлак этагини юқорига томон йиға бориб, аввал бошидан, сўнгра кунларидан чиқарилади, кўйлак кийгизишда эса бунинг асича амал қилинади. Қўл-оёқ шикастланганда кийим аввал соғ қўл-оёқдан, кейин касал қўл-оёқдан ечилади, кийгизишда эса бунинг аксча қилинади. Беморга шифокор рухсат этган бўлса, ҳафтада 1 марта уни чўмилтириш мумкин. Агар бунга рухсат берилмаса, кундалик ювиб-тарашдан ташқари, бемор баданини қайнаган сув ёки махсус эритмаларга ҳўлланган латта билан артиб турилади. Бемор қаттиқ теласа, кийими бот-бот алмаштирилиб, бадани қуруқ сочиққа артилади (бадани доим қуруқ ва тоза туриши керак). Юз, бўйин ва гавданинг юқори қисмини кунда ювиб туриш, қўлни ҳар сафар овқатланишдан олдин ювиш керак. Ўрнидан турмайдиган беморлар оёғи каравот устига тоғора қўйилиб, ҳафтада 2-3 марта ювилади. Оғир ётган беморларнинг жинсий аъзолари ва орқа чиқариш тешиги соҳаси ҳар гал ҳожатдан кейин ювиб турилади. Ич кетганда дарҳол клеёнка ва чойшаб (лозим бўлса кйимларни ҳам) алмаштирилади ва орқа тешик совунлаб ювилади. Сони ҳар куни илик сув билан намлаб таралиб, тоза тутилади, тирноқлари вақт-вақти билан олиб турилади. Бемор тишини кунига 2 маҳал ювиб, ҳар гал овқатлангандан кейин оғзини чайиб туриши лозим. Оғир ётган беморлар тиши 0,5 % ли сода ёки марганцоканинг кучсиз эритмасига намланган пахта билан артилади. Қулоклар илиқ сув ва совун билан ювиб турилади, унда чирк йиғилиб қолса, 3 % ли водород пероксид эритмасидан бир неча томчи томизиб. сўнгра пахта пиликча ёрдамида эҳтиётлик билан олинади. Қулоқни тозалаганда гугурт чўпи, соч тўғноғичи ва бошқа(лар)дан фойдаланиш ярамайди, акс ҳолда, қулоқ пардасини тешиб юбориш мумкин. Кўздан киприк ва қовоқларнинг ёпишиб қолишига сабаб бўладиган суюқлик ажралганда (кўпроқ болаларда) эрталаб ювитириш вақтида кўз эҳтиётлик билан илиқ сувда пахта бўлакчаси билан ювилади. Бурундан суюқлик оққанда ёки қасмоқ ҳосил бўлганда у вазелин мойи ёки глицерин томизиб юмшатилади ва пахта пилик билан аста тозаланади.

Ётган беморларга тувак ва сийдикдон тутилади, у олдин тозалаб ювилади ва дезифекцияланади. Беморнинг ҳароратини эрталаб ва кечқурун ўлчаб, ёзиб қўйиш жуда муҳим, чунки ҳароратнинг ўзгаришига қараб, касалликнинг қандай ўтаётганини ва даволаш нафини билса бўлади. Бемор овқати оқсил, карбонсув, ёғ, минерал тузлар, витаминларга бой бўлиши керак. Беморни кунига 4 маҳал (маълум соатларда) овқатлантириш лозим. Овқатларнинг хилмхил бўлиши, дастурхонни чиройли қилиб беаш беморнинг иштаҳаси ечилишига ёрдам беради. Кўпгина касалликларда шифокорнинг ўзи парҳез таомлар буюради, ўз билгича парҳез қилиш ярамайди. Айрим касалликлар (айниқса, меъда-ичак касалликларига оз-оздан даба-дам овқатланиш тавсия этилади. Оғир ётган беморларга овқат қошиқ билан оз-оздан ичирлади. Ичимлик ва суюқ овқатлар (қайнатма шўрва, кисель ва бошқа(лар)) жўмракли махсус идишчда ичирилади.

Беморнинг уйқусига, кайфиятига, эс-ҳуши жойида эканига қараб туриш муҳим аҳамиятга эга. Беморни ҳаяжонлантирадиган, унинг кайфиятини бузадиган гапларни айтиш, эзмалик қилиш ярамайди. Бемор маъюс бўлиб, чиройи очилмаса, тинчлантириш, унга далда бериш зарур. Бемор ётган уйда тинчлик сақлаш унинг тузук дам олишига ва тиниқиб ухлашига ёрдам беради. Терининг рангига, тошмалар бор-йўлигига, қилинишига, тана ҳароратига, юз-кўзлар ифодасига эътибор бериш ва ўзгариш сезилса, тезда шифокор чақириш лозим. Шунингдек, сийдик ва нажас рангининг ўзгарганлиги, дори-дармонлар қандай таъсир этаётганлигини кузатиб бориш ҳамда маълумотларни шифокорга етказиб туриш лозим. Агар доридан тошмалар тошса, қичишса, тилнинг учи ачишса, кўнгил айниса, бу қайси дори билан боғлиқлигини аниқлаб ва уни қабул қилишни тўхтатиб, дарҳол шифокорга хабар қилиш керак. Шифокор буюрганда беморга, кўпинча, грелка, горчичник, компресс қўйилади, дори ичирилади ва бошқа(лар) Дори буюрилган миқдор (доза)да ва маълум вақтларда берилади. Дори-дармонлар қуруқ, айримлари қоронғи ва салқин жойда сақланади. Юқумли касалликлар билан оғриганлар, шунингдек, кекса беморлар алоҳида парваришга муҳтож бўлади. Юқумли касаллик бемордан атрофдагиларга юқиши мумкинлигини назарда тутиб, тозаликка жиддий риоя қилиш талаб этилади. Руҳий касалларни парвариш қилганда бахтсиз ҳодисалар (ўзига ва атрофдагиларга қасд қилиш, қочиш ва бунинг олдини олишга аҳамият берилади.

[addtoany]