Нефроптоз

Нефроптоз [юн. nephros – буйрак, ptosis – қулаш, тушиб кетиш] – тананинг ҳолатини ўзгартирганда буйракнинг ўз физиологик ҳракатланишидан ортиқ силжиши билан кечадиган патологик ҳолат. Кўпроқ аёлларда учрайди. Нефроптознинг ривожланишида буйракнинг боғловчи аппаратидаги ўзгаришларга олиб келувчи омиллар (юқумли касалликлар, озиш) ва қорин олдинги девори тонусининг сусайиши (ҳомиладорлик ва бошқа(лар) сабабли) аҳамиятга эга. Нефроптознинг юзага келишига шикастланишлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Белгилари: белда оғриқ бўлиб, ҳаракат вақтида кучаяди, баъзан оғриқ коринга ўтиши, буйрак санчиғи бошланиши мумкин. Ўнг ёки чап ёнбош соҳасида буйрак қўлга ўйнайди. Буйрак ва унинг томирларидаги ўзгаришлар веноз қоннинг турғунлиги ва аъзо гипоксиясига олиб келади. Бу, ўз навбатида, буйрак паренхимасида уростоз ва инфекция ривожланишига сабаб бўлади. Гемо- ва уроднамиканинг бузилиши туфайли пиелонефрит ва вазоренал гипертония ривожланади. Пиелонефрит буйрак атрофида тортмалар ҳосил бўлишига олиб келади (фиксацияланган нефроптоз). Бу ҳолатни ни аниқлаш учун, асосан, тасвирий ва контрастли урография қилинади.

Давоси: спазмолитик, оғриқ қолдирувчи, яллиғланишга қарши дорилар ва иссиқ ванналар тавсия қилинади. Шу билан бирга, бемор оёғини кўтариб ётиши ва буйрак белбоғини тақиб юриши мақсадга мувофиқ. Бунда нефроптознинг зўрайиши ва асоратларининг олди олинади. Беморга қорин олдинги девори мушакларини мустаҳкамлайдиган махсус гимнастика машқлари тўплами буюрилади. Касалликни ўз вақтида даволаш бемор меҳнат қобилиятининг тўлиқ тикланишига олиб келади. Нефроптоз оғирлашганда (пиелонефрит, везоренал гипертония, гидронефротик ўзгаришлар) нефропексия ўтказиш тавсия этилади.

[addtoany]