Буйрак

Буйрак – одам ва умуртқали ҳайвонларда сийдик ҳосил қилувчи ва уни ажратувчи жуфт аъзо; ловия шаклида, қорин бўшлиғининг орқа томонида, умуртқа поғонаси бел қисмининг икки ёнида жойлашган, қорин парда буйрак ларнинг олд юзасини қоплаб туради. Олд ва орқа томонлари яссиланган, ҳар бир буйракнинг бўйи 10-12 см, эни б см, йўғонлиги 3—4 см, оғирлиги ўртача 140-150 г. Ўнг буйрак тепасида жигар борлиги туфайли, чапига нисбатан бироз пастроққа ётади. Буйракнинг юқори учи умуртқага яқин, пастки учи эса умуртқадан узоқроқ бўлади. Аъзонинг умуртқага қараган ички томони ўртасида ботиқ жой бўлиб, у буйрак дарвозаси дейилади. Унинг ботиқ юзасига буйрак жоми тақалиб туради. Бу дарвозадан буйрак артерияси ва нервлар кириб, вена, лимфа томирлари ва сийдик йўли чиқади. Буларнинг ҳаммаси биргаликда буйрак оёқчаси деб аталади. Буйрак устида буйрак усти безлари бор. Моддалар алмашинуви натижасида ҳосил бўладиган чиқинди ва зарарли моддалар организмдан буйрак орқали чиқиб кетади. Шу билан бирга, буйрак организм учун зарур миқдордаги сув ва минерал тузларни сақлаб, ташқарига чикармай қўяди, организмнинг ички муҳитини таъминлайди. Буйрак сийдик билан биргаликда сийдикчил (мочевина), сийдик кислота, тузлар ва сувни чиқариб туради. Аъзода биологик фаол моддалар (ренин, простагландин ва бошқа(лар)) ҳосил бўлиб, улар қон таркиби, қон ивиши ва қон босимини маромга солиб туради. Аъзони фиброз парда, ёғ капсуласи ва бириктирувчи тўқимадан иборат фасциялар ўраб, ушлаб туради. Буйрак пўстлоқ ва мағиз қисмдан иборат. Пўстлоқ қисмининг қалинлиги 4-13 мм келади. Бу қисм остида мағиз қисми жойлашган; у 12-15 та конуссимон Б. пирамидаларидан иборат. Ёндош пирамидалар орасига пўстлоқ қисм сукилиб кирган бўлиб, Б. устунчаларини ҳосил қилади. Пирамидалар ўртача 1 млн. майда канадча (нефрон)лардан иборат, шу нефронларда сийдик ҳосил бўлади, бунда суюқлик қондан сизиб ўтади (фильтрланади), қайта сўрилади ва секреция рўй беради. Ҳар бир нефрон Б. таначалари билан сийдик кналчапаридан иборат. Сийдик Б. таначаларида фильтрация йўли билан пайдо бўлади. Буйрак таначаси қўш деворли капсула (Шумлянский-Боумен капсуласи) бўлиб, деворлари орасида ёриқсмон бўшлиқ бор; сийдик чиқувчи найча (канадча) шу бўшлиқдан бошланади. Капсулада майда қон Томирлар коптокчаси (калаваси) бор. Сийдик каналчаларида бирламчи сийдик қайта сўрилади, концентрацияси ошади ва шаклланган сийдикка айланади. Сийдик каналчалари қўшилиб, йирикроқ йиғувчи каналчалар ҳосил қилади. Сийдик каналчалардан Б. нинг аввал кичик, кейин катта косачаларига ва, ниҳоят, Б. жомига ўтади, ундан сийдик йўли орқали ковуққа қўйилади. Аъзодан ўртача 1,5 л сийдик ажралиши учун организмдаги қон Б. дан бир кеча-кундузда ўртача 360 марта ўтиб, етарлича тозаланиб туради. Бунинг учун Б. ка келадиган қон миқдори ва босими доимо етарли бўлиши керак. Агар қон босими пасайиб аъзога қон кам келса, у ренин модда ажратиб қон босимини оширади. Бу ҳолат сурункали кайтарилса, қон Томирлар деворининг сиқилиши туфайли қон босими кўтарилиб, Б. босими пайдо бўлади. Буйрак ривожланишида нефрон найчасининг учи берк бўлса, буйрак истилоси кузатилади. Буйрак касалликларини нефрология ўрганади.

[addtoany]