Нефротик синдром – нефроз-протоеинурия, гипопротеинемия (асосан, гипоальбуминемия), шиш, гиперлипемия ва гиповолемия билан таърифланадиган симптомлар мажмуи. Нефротик синдром буйракнинг бирламчи (гломерулонефрит, буйрак амилоидози, ҳомиладорлик нефропатияси, коллагенли нефропатия) ва иккиламчи (қандли диабет, қон касалликлари, хавфли ўсмалар, аллергия, захм ва бошқа(лар)) касалликларида юзага келади. Бу синдром асосида организм иммун реактивлигининг бузилиши ётади, бунда буйрак коптокча томирчалари девори шикастланади, натижада оқсил йўқотилади, унинг қон зардбидаги миқдори камаяди, бу, ўз навбатида, қон плазмаси онкотик босимини камайтиради, пировардида суюқлик қондан тўқималарга ўтади ва шиш пайдо бўлади.
Нефротик синдром алоҳида ёки гематурия ва гипертония билан бирга учраши мумкин. Шу билан бирга, тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган (шишсиз), секин-аста (бир неча ой) ва қайталаниш кўринишида кечадиган, «гормон сезгир» ва «гормон резистент» нефротик синдром турлари тафовут қилинади. Нефротик синдромнинг туғма тури ҳам мавжуд. Касаллик аутосома-рециссив йўл билан ўтади, тез ривожланади ва кўп ҳолларда буйрак етишмовчилиги ривожланиши натижасида ўлим билан тугайди.
Нефротик синдромни даволаш уни келтириб чиқарган сабаблари ва турига қараб белгиланади. Касаллик ўз вақтида аниқланиб, тўғри даволанмаса сурункали буйрак етишмовчилиги пайдо бўлиши мумкин.
[addtoany]