Нейро-гуморал регуляция [нейро… ва лот. humor – суюқлик] – одам ва юқори ривожланган ҳайвонлар организмининг аъзо, тўқималари фаоллиги ва физиологик жараёнларини нерв тизими ва гуморал омиллар (қон, лимфа ва тўқима суюқлигидаги биологик фаол моддалар) таъсирида бошқарилиши. Н.-г. р. тизими организмнинг ўзгарувчан муҳит шароитида меъёрий ишлашини таъминлаб беради.
Нерв регуляцияси филогенетик нуқтаи назардан гуморал регуляцияга нисбатан анча ёш. Тубан организмларда алоҳида ҳужайралар ва аъзоларнинг ўзаро алоқасини алмашинув жараёнларида ишлаб чиқариладиган кимёвий моддалар (метаболитлар) амалга оширади. Эволюция давомида тўқима, аъзоларнинг мраккаблашиши ва дифференциялашиши натижасида янги гуморал омиллар (медиаторлар, гормонлар ва цитокинлар) ҳосил бўлди ва гуморал тизим нерв тизими билан ўзаро боғланиб борди, натижада, Н.-г. р. тизими вужудга келди. Бунда нерв тизими биологик фаол моддаларнинг синтез қилинишига таъсир этади (масалан, гипоталамус-гипофиз гормонларининг ҳосил бўлишига таъсир кўрсатади, бу омиллар қалқонсимон без, жинсий ва буйрак усти безлрини фаоллаштиради). Ўз навбатида, гуморал омиллар нерв тизимига икки хил таъсир кўрсатади: 1) рефлектор, яъни қон, лимфа ва тўқима суюкликларидаги биологик фаол омиллар нерв тизимининг интерорецепторларини «қитиқлади»; 2) бевосита таъсир, бунда биологик фаол моддалар тўғридан-тўғри нерв ҳужайраларига таъсир кўрсатади (масалан, алмашинув жараёнида ҳосил бўладиган С02 бош миянинг нафас олиш тизимига таъсир кўрсатиб, уни фаоллаштиради).
[addtoany]