Нейросекреция

Нейросекреция [нейро… ва лот. secretio – ажратма] – айрим нерв ҳужайралари (неросекреторлар)нинг физиологик фаол моддалар – нейрогормонлар ишлаб чиқариши ва уни қон ёки тўқима суюклигига ажратиши; одам ва умуртқали ҳайвонларда нейросекреция фаолиятини, асосан, гипоталамус бажаради. Нерв импульларининг кимёвий ўтказувчи омиллар (медиторлар)ни ишлаб чиқарувчи оддий нерв ҳужайраларидан фарқли ўлароқ, нейросекретор ҳужайралар цитоплазмасида нейрогормонлар синтез қилинади. Бу гормон нерв ҳужайраларининг аксонларидан гемолимфа, қон, тўқима ва орқа мия суюклигига ажралиб, марказий нерв тизими, висцерал аъзолар (жумладан, эндокрин безлар) фаолиятига таъсир кўрсатади. Тубан умуртқасиз ҳайвонларда нейросекретор ҳужайралар нерв тизимида тарқоқ жойлашган. Филогенезда нейросекретор ҳужайралар нейросекретор марказларга тўплана бошлайди. Умуртқалиларда бу ҳужайралар оралиқ миянинг гипоталамик зонасида жойлашган. Нейросекретор ҳужайраларни классик нейронлар назорат қилади. Ўз навбатида, нейросекретор ҳужайралар, оддий нейронлар каби таъсир потенциалини генерация қилади, импульс аксонлардан уларнинг учларигача боради ва унинг таъсирида нейрогормон атроф муҳитга ажралади.

[addtoany]