Узоқдан кўриш

Узоқдан кўриш, гиперметропия – кўз нур синдириш (рефракция) меъёрининг бузилиши. Одатда, кўзнинг нур синдириш хусусияти 3 хил бўлади. Биринчисида кўзга тушган нурлар тўр пардали синиб, кўз нарсаларни яхши, нормал кўради. Иккинчисида нурлар фокуси калта бўлиб, улар тўр пардага бормай, кўзнинг ичида синиб, ўз фокусида йиғилади. Бунда кўзнинг кўриш хусусияти фақат яқинга етади, бу яқиндан кўриш дейилади. Учинчсида эса кўзга ташқи муҳитдан тушган нурлар тўр пардадан «кўзнинг орқаси», яъни «манфий масофага ўтиб кетади. Бунда кўз узоқдан хам, яқиндан ҳам яхши кўрмайди, чунки нурлар фокуси узоқда ётади; кўз тўр пардасига фақат айрим-айрим нурлар тушади-ю, лекин у ташқи муҳитдаги буюмлар шаклини тўлиқ акс эттира олмайди.

Кўзнинг нур синдириш хусусияти доптрия билан ҳисобланиб, ёш одамларда узоқдан кўриш рефракцияси икки ёки кўпи билан уч даражагача бўлса, уни аккомодация қоплай олади ва одам 40-50 % гача кўриши мумкин. Лекин бундай одамларнинг кўзи тез чарчайди, қизаради, кўзи ва қовоғида оғриқ сезилади, боши оғрийди. 40 ёшдан ошган одамларда эса, аккомодатив аппарат ёшларникидай юмшоқ ва ҳаракатчан бўлмагани учун аккомодация кучи камаяди. Улар ҳарфларни яқиндан ўкий олмайдилар. Узоқдан кўриш болаларда гилайликка олиб келади. Узоқдан кўрувчи кишиларга қавариқ кўзли кўзойнак тақиш тавсия этилади.

[addtoany]