Уйқу

Уйқу – одам ва ҳайвонларда даврий юз берадиган физиологик ҳолат. Бунда физиологик жараёнлар бир кадар секинлашади ва организмнинг, чунончи, марказий нерв тизимининг иш қобилияти тикланиши учун энг яхши шароитлар яратилади. Уйқу ҳар бир инсоннинг зарур ҳаётий эҳтиёжидир. Инсон бутун ҳаётининг учдан бири ҳар кеча-кундузда даврий кузатиладиган уйқу ҳолатида ўтади.

Уйқу вақтида мушаклар тонуси сусаяди (уйқудаги одамнинг кўп мушаклари бўшатган бўлади), сезувчанликнинг барча турлари – кўриш, эшитиш, таъм билиш, ҳид сезиш, тери сезувчанлиги кескин сусаяди. Шартсиз ва шартли рефлекслар тормозланади. Қаттиқ уйқуда нафас уйғоқликдагига нисбатан анча чуқур, юрак уриши секин, артериал қон босими, тўқималарга қон келиши, моддалар алмашинуви, тана ҳарорати паст бўлади. Буларнинг барчаси уйқу ҳолатида мия билан бир қаторда ҳужайралар ва тўқималар ҳаёт фаолиятини таъминловчи ҳамма ички аъзоларнинг ҳам «дам» олишидан далолат беради.

Аммо уйқу ҳақидаги замонавий тасаввурларга кўра, уйқу фақат дам олиш эмас, балки кун бўйи олинган турли ахборотни қайта ишлаш ва эртаси кун яна қабул қилиш қобилиятига эришиш учун қаратилган жараёндир.

Одам аста-секин ухлаганда нафас олиш ва юрак ритми пасаяди, кўз секин юмула бошлайди. Тез ухлаб қолганда эса бу ҳаракатлар, одатда, тезлашади.

Аста-секин ухлаб қолиш тунги уйқунинг 75-80 % ини, тез У. га кетиш эса 20-25 % ини ташкил этади. Тез ва секин ухлаб қолишнинг навбатланиши, одатда, соғлом одамлар учун хосдир ва бунда одам ўзини уйқуга қонган ҳамда бардам ҳис этади. Тез ва секин ухлаш муддатининг ўзгариши, секин ухлашнинг етарли даражада чуқур бўлмаслиги, тез ухлаш даврида тез-тез уйғониб туриш одам нерв тизимининг турли бузилишларига олиб келади, унинг руҳий ва эмоционал ҳолатига таъсир кўрсатади.

Нормал (физиологик) У. нинг даврий кча-кундузлик ва даврий фаслли (ҳайвонларнинг ёзги ва қишки У. си) турлари ва бир неча хил патологик (наркотик, летаргик ва бошқа(лар)), шунингдек, махсус таъсирлар оқибатида юзага келадиган гипнотик У. фарқ қилинади.

Уйқунинг, кўпинча, кузатиладиган бузилишларига уйқучанлик (гиперсомния) ва уйқусизлик киради.

Загрузка...