Янги туғилган чақалоқ парвариши учун тавсиялар

Баъзи ёш оналар чақалоқ билан биринчи мартта ёлғиз қолишганда нима қилишни билмай, ўзларини йўқотиб қўйишади. Бундай ҳолатга тушмасликни истаса, бўлғуси она ҳомиладорлик пайтидаёқ янги туғилган чақалоқ парвариши ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиши шарт.

Chaqoloq kulgusi

Чақалоқ парвариши учун зарур бўлган муолажалар

Янги туғилган чақалоқнинг териси жуда нозик ва сезгир, шу сабабли ҳам нотўғри парвариш, тезда бола терисининг шикастланишига олиб келади. Бунинг оқибатида эса жароҳатлар ўрнида инфекцион ва яллиғланишли касалликлар ривожланиш хавфи пайдо бўлади. Кўкрак ёшидаги болалар терисининг энг кўп учрайдиган касаллиги бу – чақалоқ йўргаки дерматити. Бундай дерматит, халқ тилида бичилиш, одатда терининг кўп нам бўлиб турадиган жойларини йўргак ёки кийим матосига ишқаланиб яллиғланиб кетиши натижасида ҳосил бўлади. Терининг бичилиб қолишининг асосий айбдорлари бу сийдик, тер ва матога ишқаланиш. Юқоридаги омилларнинг болаларга таъсирини иложи борича чеклаш керак.

Бола териси бичилишига йўл қўймаслик мақсадида бир неча оддий тавсияларга амал қилиш зарур.

  1. Чақалоқ узоқ муддат сийдик ва аҳлат билан ифлосланган тагликда қолиб кетмаслиги зарур. Сийдик таркибидаги моддалар терига зарарли таъсир кўрсатади.
  2. Сифатсиз бир марталик тагликлардан (памперс) фойдаланманг. Яхши таглик сийдикни тезда шимиб олиши ва терини ҳимоя қилиши лозим.
  3. Ҳар сафар тагликни алмаштирилганда тери кўринишидан тоза кўринса ҳам уни махсус болалар совуни билан ювиш мақсадга мувофиқ бўлади.
  4. Иссиқ кунда ҳаддан ташқари қалин кийинтирманг. Терининг қизиб кетиши ва терлаши зарарли.

Агар тери бичилишига гигиенага амал қилмаслик туфайли инфекция ҳам қўшиладиган бўлса, унда ушбу ҳолат жиддий даволашни талаб қилади, шу жумладан антибактериал препаратлар ёрдамида. Бундай муаммоларни олдини олиш учун сиз чақалоқ терисини парвариш қилишнинг барча қоидаларига риоя қилишингиз керак.

Кичкинтойнинг эрталабки тозалик машғулотлари

Ҳар куни эрталаб чақалоқнинг юз, кўз, бурун ва қулоқлари ювилиши лозим. Янги туғилган чақалоқнинг бурун йўллари жуда тор, шу туфайли бурунда кам миқдорда бўлса ҳам шиллиқ тўпланса, шунинг ўзи нафас олишни қийинлаштиришга етади. Бу пайтда, онанинг вазифаси – чақалоқни бурун бўшлиғини ҳар куни тозалаб туриш. Кичкинтойнинг кўзлари кундалик парваришни талаб қилади. Агар гигиена қоидаларига риоя қилинмаса, конюктивит – кўзнинг шиллиқ қаватининг яллиғланиши ривожланиш эҳтимоли бор. Бунда кўзнинг шох пардаси қизариши, уйқудан уйғонгандан кейин эса киприклар бир-бирига ёпишиб қолиши, кўзнинг ички бурчагида эса шиллиқ тўпланиши кузатилади. Янги туғилган чақалоқ парвариши буларни барчасига катта эътибор беришни талаб қилади.

Чақалоқнинг жинсий аъзолари тозалиги

Кўкрак ёшидаги болаларни ҳар сафар сийгандан ёки ичи келганидан кейин жинсий аъзоларини ва орқасини ювиш шарт. Болаларнинг оёқлари ораси илиқ сув билан ювилади. Қиз болаларнинг орқасини ювишда эҳтиёт бўлиш талаб этилади, ифлосланган сув думбасидан жинсий аъзоларига оқиб тушмаслиги назорат қилиниши лозим. Ўғил болаларга эса юқоридаги қоида тааллуқли эмас. Агар думба ва оёқлари ораси жуда ифлосланган бўлса болалар совуни суртиб ювиш лозим. Ювинтириб бўлингандан кейин терини йўргак латта босиб қуритилади. Терини артиш тавсия этилмайди, чунки бу яллиғланишга олиб келиши мумкин.

Киндик яраси парвариши

Янги туғилган чақалоқни парвариш қилишда алоҳида эътиборни киндик яраси талаб қилади. Туғруқхонада шифокор педиатр буюрган муолажаларни бажаринг. Ҳали битиб кетмаган киндик яраси, агарда парвариш қилиш қоидаларига риоя қилинмаса, нафақат киндик (омфалит), балки қон ва бутун тана (сепсис) инфекциясига дарвоза бўлиб хизмат қилиши мумкин. Аксарият ҳолларда, киндик яраси чақалоқ ҳаётининг 10-19-кунига келиб бутунлай битиб кетади.

Чақалоқни чўмильтириш

Янги туғилган чақалоқни биринчи марта, агар педиатрнинг бошқача тавсиялари бўлмаса, туғруқхонадан, уйга қайтгандан кейинги биринчи кунда чўмильтириш мумкин.

Сув протседуралари ҳар куни, ота-оналарга қулай вақтда ўтказилади. Агар кичкинтой чарчаган ёки нотинч бўлса, уни мажбурламаган яхши.

Керакли анжомларни олдиндан тайёрлаб олинг. Сув ҳаддан ташқари қайноқ бўлмаслиги керак.

Барча тайёргарлик жараёнлари тугагандан сўнг, чўмильтиришни бошланг.

  1. Дастлаб болакайни тоза сув билан ювиб олинг. Сўнг юмшоқ матони токи қўлни совунлаб олиб, чақалоқ бошини пешонасидан энсасига қараб ювинг
  2. Қулоқ орқаси, қўлтиқ ва оёқлар ораси, айниқса тери бурмалар ҳосил қиладиган жойлар яхшироқ ювилиши керак.
  3. Чақалоқни яна бир бор тоза сувда ювинг

Ювиниш одатда 8-10 дақиқа давом этгани маъқул.

Чақалоқни йўргаклаш

Янги туғилган чақалоқларга катта маконга, атрофдаги бўш жойларга мослашиш учун вақт зарур бўлади. Бола ҳаётнинг биринчи ҳафталарида чақалоқлар қўлларини ўз ихтиёрлари билан бошқара олмайди, ҳаракатлари беихтиёрий рефлексга асосланган бўлади. Баъзида уйқу пайтида қўллари беихтиёр қимирлаб, болани қўрқитиб уйғотиб юборади. Шу сабабли ҳам кичкинтойнинг қўлларини маҳкамлаб бешикка боғланади ёки йўргаклаб қўйилади. Бундан мақсад йўргаклаб қўйилган пайтдаги қисилиб туриш ва чекловлар чақалоққа онанинг қорнини эслатади. Бу ҳолатда бола тезда тинчланиб, ухлаб қолади. Бола қўллари ва оёқларини қимирлатиши ва қулайроқ жойлашиб олиши учун эркинроқ қилиб йўргаклаб қўйилади.

Чақалоқни тўғри эмизиш

Ёш онанинг туғруқхонада ўрганадиган яна бир вазифаси – чақалоқни эмизишдир. Агар онанинг эмизиш тажрибаси бўлмаса, унда ҳамшира ёки шифокор чақалоқни кўкрагига қандай қилиб тўғри жойлаштиришни кўрсатади, қайси ҳолатда озиқлантириш қулай бўлиши тўғрисида тушунтиради. Баъзи аёлларда она сутини (лактация) пайдо бўлишига бир неча кун талаб қилинади. Шу кунларда она чақалоқни кўкрагига қўйиб, болани эмишга озроқ мажбурлаши зарур бўлади. Шундай қилинса онада сут пайдо бўлиши тезлашади.

Maqolaga baho bering
[Total: 8 Average: 4]
Загрузка...

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan