Гипертония нима. Қон босими қачон ва кимларда юқори бўлади.

Yuqori qon bosimi organizmga ta'siriҚон томир деворларининг қон оқимига нисбатан кўрсатган қаршилик кучи нормал қон босимини пайдо қилади. Соғлом киши организмидаги қон томирлар кенгайиб-торайиш хусусиятига эга. Шунинг учун у муҳитга мослашиб, ўртача мувозанатда туради. Баъзи оилаларда барча кишиларнинг қон босими пастликка мойил бўлади. Айрим оилаларда эса аксинча, босим юқорироқ кўрсаткичлари эга бўлади. Агар турли таъсирлар натижасида томирларнинг кенгайиш ёки торайиш мувозанати бузилса. Шу билан бирга  бундай бузилиш бир оз муддат сақланиб қолса, касаллик аломатлари пайдо бўлади.

Гипертония юзага келиши сабалари

Томир фаолиятидаги бундай ўзгариш фақатгина бош мия фаолиятигагина боғлиқ бўлмайди. Балки асабий қўзғатувчи ташқи ва ички таъсир кучига ҳам боғлиқ. Айниқса буйрак, юрак ва томир касаллиги қон босимининг ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин. Киши турмуши тинч, осойишта бўлишига қарамасдан қоп босими сутка давомида чиқиб, тушиб туради. Одатда куннинг биринчи ярмида қон босими нормага яқин бўлади. Иккинчи ярмида эса бир оз кўтарилади, кечаси эса нормага яқинлашади.

Қон босимини табиатан юқори бўлиши

Баъзи кишиларда қон босими баланд бўлишига тугма мойиллик бўлиши мумкин, бошқаларда эса турмушдаги салбий қўзғатувчи таъсирида қон босими кўтарилади. Айниқса бош мия касаллигида ва баъзи ички касалликларда қон босимининг кўтарилиши кузатилади. Оиладаги бир неча кишида гипертония яни босимни нормадан ортиқроқ бўлиши касалликка туғма мойиллик борлигига далил бўла олади. Бундай оила аъзолари кўпчилигида қон босими даражалари бир хилда кўтарилган бўлади. Шу борада бир мисол келтирмоқчиман.

Гипертония сабаби ирсий бўлиши ҳам мумкин

М. исмли қўшним бор эди. Унинг оила аъзолари кўпчилигида қон босими нормага қараганда ортиқроқ эди. Бу кишининг оналарида 28 йил давомида қон босими ортиқ бўлган, бироқ ўзларини ҳеч нарса безовта қилмагани учун врачга бормаганлар. Бир куни оилада бўлган бир оз келишмовчилик натижасида бошлари қаттиқ оғриб. мендан кўриб қўйишимни илтимос қилдилар. Чиқиб юракларини эшитиб, қон босимини ўлчаб кўрдим, қон босими ёшларига нисбатан анча баланд эди.

Қон босимингиз озгина ортиқ экан, балки бошингиз оғриётганига шу сабаб бўлса керак, дедим астагина. Босимим қанча экан. деб сўраб қолдилар. 220/130 экан, дедим. Дўхтир болам, бундан 10 йил илгари ҳам босимим худди шундай эди, дедилар, қон босими кўтарилганига унча эътибор ҳам бермадилар. Қон босимингизни туширадиган дори ёзиб берайми, десам, йўқ болам, бош оғриғи дорисини ёзиб берсанг бас, дедилар. Суриштирсам эртасига бош оғриқлари тўхтаб қолибди. Кейинчалик 18 йил давомида саломатликлари яхши даражада турди, десам бўлади. Шуни ҳам айтишим лозимки, у киши қон босими касаллигидан эмас, балки бутунлай бошқа касалликдан оламдан ўтдилар.

Юқори қон босими қайси ҳолларда касалликдан далолат беради

Мен бу билан қон босими нормадан ортиқ бўлса ҳам бунга эътибор бермаслик керак, демоқчи эмасман. Агар қон босими кўтарилган вақтида бош оғриса, юрак санчиб турса, одам ўзини ёмон ҳис қилиб, қўл-оёқлари увишса, айниқса бундай ҳолларда асаби бузилса, тезда врачга кўрсатиш зарур. Агар қон босими нормадан ортиқ бўлса-ю, лекин юқорида зикр этиб ўтилган касаллик аломатлари юз бермаса, даволанишга эҳтиёж қолмайди.

Қарангки, мисолда келтирилган оиладагиларнинг ҳаммаларида гипертония сурункали равишда кузатилиб турсада турса-да (масалан, бирида 110/70, иккинчисида 140/80, учинчисида эса 150/90), аммо бу ҳолат ҳеч қайсиларини безовта қилмайди.

Қон босими нормаси – «ишчи қон босими»

Ҳозирги даврда қон босимининг юқорими, пастми, доимо бир хилда туриши «ишчи қон босими» деб юритилади. Бу деган сўз киши уни ўзининг ўртача босими деб билиши лозим. Мабодо ана шу ўртача босим кўтарилса, дори-дармон билан ўз ҳолига келтириш лозим. Илгари бундан 10 —15 йил муқаддам босим юқори бўлса, врачлар дарҳол дори-дармонлар ёрдамида уни одатдаги нормага (120/00 мм га) туширар эдилар. Ҳозирги вақтда одамнинг қон босими ўзига хос қанча бўлиб туриши суриштирилади, унинг организми ўрганган босимни тушириш тавсия этилмайди, ўша баланд босимга одамнинг ҳамма органлари мослашиб қолган бўлади. Агар бу босимни пасайтириш тавсия этилса, беморнинг тинкаси қуриб, чарчайди, беҳол бўлиб қолади. Шунинг учун ҳозирги вақтда врачлар дори-дармонларни буюришдан аввал «кундалик ўртача кўрсаткич босимни» суриштиришлари керак.

Гипертония қандай касаллик

Қон босимининг ҳам устки, ҳам пастки даражаси кўтариладиган бўлса, бу гипертония касаллиги деб юритилади. Одамларда гипертонияга нисбатан туғма мойиллик бўлганда босим 25 — 30 ёш ораларида кўтарилади. Босимнинг кўтарилишига ташқи муҳитнинг ёмон таъсирлари сабаб бўлади. Касаллик аста-секин ривожлана боради, беморнинг жаҳли тез чиқиб, бўлар-бўлмасга тажанг бўлаверади, боши оғрийди, уйқуси бузилади. Лекин беморга тинч, хотиржам шароит яратилганда бу аломатлар ўзича давосиз ўтиб кетиши мумкин.

Бироқ кейинчалик йиллар ўтган сари бош оғриғи кучайиб, доимийга айланиб қолиши мумкин. Оғриқ бошнинг орқа томонида пайдо бўлади, томир гупиллаб ураётгандек бўлади, айрим беморларнинг иккала чаккаси оғрийди, жаҳли тез чиқади, тез чарчайди, хотираси сусаяди, фикрини тўплаш қийинлашади, баъзан бўшашиб, кайфияти бузилади, яхши ухлай олмайди, кўп туш кўради. Аломатлар олдинига босим кўтарилганда сезилса, кейинчалик босим нормада турганда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Гипертония касаллиги бошланган даврда босим кўтарилиб турадиган бўлиб қолади, кейинчалик эса уни нормага тушириш қийин бўлади, юқорида айтилган касаллик аломатлари эса доимий бўлиб қолади. Агар бемор яхши даволанса, юрак атрофида ва бош мияда қон айланиши бузилмаслиги мумкин.

Гипертониянинг ёшига боғлиқлиги

Қон босими кўпроқ қайси ёшдаги одамларда кўтарилади, деган савол кўпчиликни қизиқтиради. Гипертония ҳамма ёшдаги кишиларда учраши мумкин. Лекин ёшларда кўпроқ буйрак, юрак ва бошқа ички органлар касалликларида қон босими кўтарилади. Ўрта яшар кишиларда гипертония касаллиги бошқа касалликларга қараганда кўпроқ учрайди. Катта ёшли кишиларда 50 — 60 ёшдан сўнг қон томирлар склероз бўлиб қолгани натижасида босим кўтарилади. Склерозда босимнинг юқори даражаси кўтарилиб, пасткиси паст даражада туради (Масалан: 160/60).

Ҳозирги вақтда бош мия гипоталамик хуружи вақтида ҳам қон босими кўтарилиши аниқланган. Шу билан бирга хуруж ўтгандан сўнг унинг ўз ҳолига қайтиб тушиши кузатиляпди.

Бўйиннинг умуртқа қисмида туз йиғилганда ҳам қон босими тез-тез ўзгариб туриши мумкин.

Гипертония олдини олиш

Қон босими баланд бўлишининг олдини олиш учун аввало унинг сабабини синчиклаб текшириб кўриш лозим. Мабодо босим ташқи муҳит салбий таъсирлари сабабли кўтарилаётган бўлса.  Дарҳол бемор ўз асаб системасини тинчлантирувчи дори-дармонлардан фойдаланиши керак.

Юқори қон босимини даволаш

Бунинг учун вақти-вақти билан бром, валериана, пассит, валоседан дориларидан ичиш лозим. Вақтида дам олиш, кундалик режимга риоя қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Босими сурункали кўтарилиб турадиган кишилар албатта мутахассис врачлар билан маслаҳатлашиб даволашганлари маъқул.

Maqolaga baho bering
[Total: 5 Average: 2.8]
Загрузка...

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan