Бурсит касаллиги: сабаблари, белгилари ва давоси
Бурсит – бўғимолди синовиал халтачасининг ўткир ва сурункали яллиғланишидир.
Синовиал халтачалар – бўғим ҳосилалари бўлиб, ичида озроқ миқдорда ёпишқоқ тиниқ суюқлик мавжуд. Улар йирик бўғимлар (тизза, тирсак) яқинида, мушак ва пайлар туташган жойларда бўлади. Уларнинг вазифаси бўғимни хаддан ортиқ зўриқишдан ва жисмоний зарбалардан ҳимоя қилиш.
Бурситларнинг асосий сабаблари: жароҳатлар, жисмоний зўриқишлар, бўғимларнинг касалланишлари (ревматоид артрит, подагра) бўғим халтачаси атрофидаги шилинишлар, кесилишлар таъсири.
Бурсит белгилари
Бурситнинг асосий келиб чиқиши шикастланган синовиал халтачаси атрофида ва бўғим яқинидаги ўзгаришларга боғлиқ.
Аксар ҳолларда синовиал халталар тизза бўғимининг олд юзасида (препателлар бурсит) ва тирсак бўртиғи атрофида шикастланади. Ўткир бурситнинг барча аломатлари тўсатдан, одатда жароҳатдан кейин сал ўтгач юзага келади:
- Ўсимтасимон шиш – 8–10 см диаметрли думалоқ чекланган бўртиқ
- Бўғимда ҳаракатлар ҳажмининг чекланиши
- Ҳарорат кўтарилиш эҳтимоли бор, умумий заифлик.
Сурункали бурситда шамоллаш йиринги аста-секин шиллиқ халтачага тўплана боради. Қизиллик ва қаттиқ шамоллашнинг бошқа аломатлари бўлмайди. Одатдаги жойда (тирсак, тизза) думалоқ шаклдаги ўсимтасимон оғриқсиз шиш касаллик аломати бўлиши мумкин. Касаллик аломатлари сезилгани ҳамон жарроҳга мурожаат қилиш лозим.
Бурсит касаллигини ташхиси ва давоси
Ўткир бурситда ташхис одатдаги шифокор текширувида қўйилади. Сурункали бурситнинг такрорий кечувида таянч-ҳаракат аппаратининг чуқур текширувидан ташқари қуйидагилар қўлланади:
- Ультратовуш текшируви
- Рентгенография
- Бўғим суюқлигини текшириш.
Некроз ва ревматоид артритни истисно этиш учун шифокор қуйидагилар таркибини аниқлаш ниятида қонни махсус текширишга топшириқ беради:
- Ревматоид омил
- Пешоб кислотаси
- С – реактив оқсили
Бурситни даволаш йўллари
Ўткир бурситда шифокор (жарроҳ) одатда халтачага укол қилади, тинч ётишни (бўғим иммобилизацияси, босувчи боғич), иссиқлик, шамоллашга қарши ва оғриқ босувчи воситаларни қўллайди. Кўп ҳолларда муолажа амбулатория шароитида олиб борилади.
Ҳарорат баланд бўлса, касалхонага ётқизиш мақсадга мувофиқ, йирингли бурсит ривожланганда халтага укол қилиш кифоя этмайди. Жарроҳлик амали бажарилади – халтача очилиб, йиринги тозаланади ва антибиотиклар буюрилади.
Сурункали бурситда халтачага укол қилиниб, йиринги тозаланади сўнг қаттиқ боғлаб қўйилади. Касаллик такрорлангудек бўлса, шиллиқ халтача кесиб ташланади (бурсэктомия).
Табиий воситалар билан касалликни даволаш
Ташқи муолажа учун халқ табобати рецептлари
Пичан қолдиқлари ивитилган сувда чўмилиш: 500–600 гр пичан қолдиғини бир челак совуқ сувга солиб, қайнагунча оловда тутилади, 45 дақиқа тиндирилиб, сузилгач ваннага қуйилади. Муолажа вақти 15 дақиқа, ҳарорат 380С.
Асал буғим оғриган жойларга юпқа қилиб суртилади, атрофдаги мушаклар ҳам қамраб олинади. Асалга тоқат қилмаса 1:1 миқдорда ун ёки оҳор қўшилади. Буғим устига целлофан тўшаб, боғланади ва жун бўйинбоғ билан ўралади. Муолажа 12 соат давом этади. 5–10 марта бажариш лозим.