Инсульт: белгилари, пайдо бўлиш сабаблари, давоси

Инсульт – бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши натижасида мия тўқимасининг шикастланишидир. Инсультнинг икки асосий геморрагик ва ишемик турлари бор. Геморрагик инсультда бош мия тўқимасига қон қўйилади. Ишемик инсультда эса бош мияни озуқа билан таъминловчи асосий қон томирлари тромбоз (беркилиш)га учрайди. Ёки майда томир тармоқларида спазм ривожланади.

Bosh miya mrt rasmi

Инсультга олиб келувчи хавфли ҳолатлар

Инсульт ривожланишининг хавфини оширувчи жиҳатлар:

  • артериал гипертензия ёки стенокардия
  • Насл сурувчи салбий ирсият (қариндош-уруғлардан биронтаси инсульт ё миокард инфарктга йўлиққан бўлса);
  • Чекиш ёки алкоголни суиистеъмол қилиш (чекиш инсульт эҳтимоллигини кучайтиради). Чекишни ташлагандан кейин инсульт хавфи пасаяди ва 5 йилдан сўнг бемор чекмайдиган одамдай бўлиб қолади;
  • Бемор 50-60 ёшдан ошган бўлса;
  • Қандли диабет;
  • Миокард инфарктига йўлиққанлар, бош мия қон айланишининг сурункали бузилиши белгилари (хотира пасайиши, уйқу бузилиши, бош оғриши, бош айланиши, бошдаги шовқин, кўзнинг хиралашиши, тананинг ярмидаги увишишлар) ёки инсульт ўтказган беморлар;
  • Тез-тез асабийлашиш;
  • Аритмия ёки тромблар ҳосил бўлишига мойиллик (қоннинг ортиқ даражада қуюлиши).

Инсульт касаллиги белгилари

  • Сезгининг тўсатдан бузилиши: юз, қўл ва оёқларда хусусан тананинг ярмида увишиш ва камқувватлик пайдо бўлиши.
  • Тўсатдан тилдан қолиш ёки сўзларни айтиш ё тушунишда, матнни ўқишда қийналиш.
  • Бир ёки икки кўзнинг кескин ёмон кўра бошлаши.
  • Бирданига ҳаракат мўлжалининг бузилиши (чайқалиб юриш), кескин бош айланиши.
  • Ўз-ўзидан пайдо бўлган, англаб бўлмайдиган бош оғриғи, қусиш.

Ishemik va Gemorragik insult

Геморрагик инсультда барча белгилар ишемик инсультдагига қараганда анча яққол кўриниб туради. Бундан ташқари, геморрагик инсультда бемор қусади, юзи қизаради, уйқучан бўлади, энса мушакларида спазм рўй беради, кўз тўр пардасига қон қуйилади, касаллик бирдан бошланиб, авж олади.
Ишемик инсульт, одатда, аста-секин ривожланади. Ишемик инсультда ўткинчи, мия қон айланишининг бузилиши нуқсонлари бир неча ой, йил олдин пайдо бўлади. Улар инсульт белгиларига ўхшайди, бироқ бир неча дақиқада, камдан-кам ҳолларда бир неча соат мобайнида (24 соатгача) давом этиши билан фарқ қилади. Кўпинча бу симптомлар тезда ўтиб кетади ва мия фаолияти тезда тикланади. Лекин бундай тикланишларга ишонмаслик керак ишемик касаллик, йиллар давомида сурункали равишда мия тўқималарини емириб боради. Киши ўзида қўйидаги нохуш белгиларни сезса, кечга қолдирмасдан тиббий кўрикдан ўтиши керак.

Ишемик инсультнинг аломатлари:

  • Қўл ва оёқларда ўткинчи заифлиги ёки эпга келмаслик, “эрталабки гарангсираш” кўринишида, худди оёқ-қўллар увишиб қолгандек намоён бўлади.
  • Қисқа вақтга тилдан қолиш ёки хотирани йўқотиш ҳолатлари юз беради.
  • Бош айланади, онг заифлашиб, кўз кўрмай қолиши ёки нарсалар кўзга қўшалоқ бўлиб кўрина бошлайди.
  • Юрганда гавда чайқалиб кетиши, оёқни судраб босиши мумкин.

Шифокорга қачон мурожаат қилиш керак?Имкон қадар 50-60 ёшли кишилар вақти-вақти билан врач кўригидан ўтиши лозим. Инсульт аломатлари намоён бўлганда текшириш учун зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Борди-ю, ростдан ҳам инсульт ҳуруж қилган бўлса, зудлик билан беморни шифохонага етқазиш лозим. Чунки мия ишемияси ва қон қуйилиши оқибатларини фақат дастлабки соатлардагина тўхтатиб, беморни сақлаб қолиш мумкин.

Инсульт хуружида биринчи ёрдам

Инсультда биринчи ёрдам. Энг аввало беморни каравотга қулай ётқизиш керак ва нафас олишни қийинлаштирувчи кийим тугмаларини ечиб, ҳаво оқими билан таъминлашни яхшилаш зарур. Оғзидан, ясама тиш (протез) лари бўлса, уларни ечиб олиб қўйиш, агар қусган бўлса, оғиз бўшлиғини тозалаб, қусуқни чиқариб ташлаш керак. Бўйнини қайрилиб, умуртқа артерияларига қон келиши қийинлашмаслиги учун боши ва елкаларига ёстиқ қўйиш лозим. Касаллик хуружининг дастлабки дақиқа ва соатлари энг қимматли саналади, айнан шу вақтда кўрсатилган тиббий ёрдам энг самарали бўлиши мумкин. Бу пайтда энг мухими иложи борича тезлик билан беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатилишидир. Қанчалик тез ёрдам олинса кейинчалик касаллик оқибати шунчалик енгилроқ бўлади. Шуларни хисобга олиб беморни тезроқ шифохонага етказиш чорасини кўриш керак

Инсульт касаллиги давоси. Бемор хуруждан сўнг тузалиб кетадими?

Муолажа узоқ вақт давом этади. Даволаш ўз ичига фақат дори терапиясини эмас балки, парҳез, бемор парвариши, гимнастик машқларни ҳам ўз ичига олади. Дорилар бош мияда қон айланишини ва миядаги моддалар алмашинув жараёнларини яхшилайди. Парҳез овқатлар, мия фаолиятини яхшиловчи машқлар ҳам, ёки реабилитациядан ҳам фойдаланилади.

Беморлар бевосита инсультдан кам ҳалок бўладилар, аксинча, унинг асоратларидан кўпроқ вафот этадилар турғун ўпка шамоллаши ва узоқ ётиш оқибатида. Бунинг олдини олиш учун ётган беморга муттасил ғамхўрлик кўрсатиб, уни парваришлаб турмоқ керак. Уни гоҳ у, гоҳ бу томонига ағдариб, кўрпа-чойшабларнинг қатланиб қолишидан хабардор бўлиб туриш керак. Чойшаблар тоза ва қуруқ бўлмоғи лозим. Беморни тўғри овқатлантириш, катта ва кичик ҳожатларидан огоҳ бўлиб туриш шарт. Зарур бўлганда ҳуқна (клизма) қилинади, кўкрак қафаси уқаланади.

Парҳез. Оғир аҳволда бўлганига қарамай, инсультдан кейин биринчи кунданоқ, гоҳо иккинчи кундан беморга овқат берилади. Биринчи овқат берилганда бемор уни юта оладими, йўқми, текшириш чой қошиқда совуқ сув тутиб, уни ютишни илтимос қилиш керак. Бемор сувни осон ютиб, ўхчимаса, илиқ ва суюқ овқат беравериш мумкин.
Ақл-ҳуши жойида ва ютиш (овқатланиш) фаолияти бузилмаган беморлар дастлабки 2–3 кунда суюқ шўрва суви, мева шарбатлари, кейин эса юмшоқ ёки қирилган қуюқ овқат истеъмол қилса бўлади. Ютиши оғир бўлса, овқатни бўтқасимон кўринишга келтириш керак. Махсус парҳез масаллиқларидан ва сув ичиргич орқали болаларга мўлжалланган овқатлардан, суюқ озуқалардан бериш мақсадга мувофиқдир.

Овқат илиқ, тотли ва тўйимли бўлиши керак. Беморни эҳтиёткорлик билан кичик қошиқда оз-оздан, унда дам олдириб овқатлантирилади. Овқатнинг нафас йўлларига кетиб қолишидан эҳтиёт бўлиш керак. Гоҳо бемор еб-ичишдан бош тортади. Бундай ҳолга бош миянинг иштаҳа ва чанқоқликка жавоб берувчи айрим қисмларининг шикастланиши сабаб бўлади. Руҳий ҳаяжон, сиқилиш ҳам иштаҳага салбий таъсир қилиши мумкин. Бундай ҳолда беморни тинчлантириш, тасалли бериш ва беморга яхши овқатланиш муҳимлигини тушунтирган маъқул.

Беморлар инсульт хуружидан кейин тузалиб кетадими?

Инсульт хуружини бошидан кечиран киши касалликдан кейин узоқ муддат давомида, камида 1 йил ичида ўзига келади. Бу аввало касаллик характерига, беморга қанчалик тез ва эффектив ёрдам берилганига боғлиқ бўлади. Хуруж оқибатлари жуда оғир бўлиши мумкин, бемор танасини кўп қисми шол бўлиб қолиши, тилдан қолиши мумкин. Бундай вазиятда касал киши ҳам руҳий, ҳам жисмоний азият чекади. Беморни оёққа туриб кетишида, яқин одамларининг парвариши энг муҳим аҳамиятга эга. Агар бемор соғая бошласа, аста секинлик кўп жисмоний ва ақлий имкониятлари ўзига қайтади.

Касалликда буйириладиган дори воситалари. Бу маълумот фақат танишиш учун, уларни шифокор тайинлайди

Мия қон айланишини яхшилайдиган воситалар: Бекнциклан (Галидор), Вазобрал, Винпотропил, Винпоцетин (Кавинтон), Инстенон, Нимодипин (Бреинел, Нимотоп), Ницероглин (Сермион), Циннаризин (Стугерон), Глиатилин (Холин альфолсцерат).

Мияда метаболизмини яхшилайдиган воситалар: Актовегин, Гамма-аминобутир кислотаси (Аминолон),Глицин, Гопантен кислотаси (Пантогам, Пантокольцин), Пирацетам (Ауцетам, Ноотропил), Пиритинол (Энцефобал).

Инсультни табиий воситалар ёрдамида даволаш

Халқ табобатида ҳам бу касалликни даволашнинг бир неча йўллари мавжуд.

Халқ табобати рецептларидаги дамламалар

Саллагул (пион) илдизи – туйилган илдиздан бир чой қошиқни бир стакан қайноқ сувга солинади, иссиқда бир соат тиндирилиб, сузғичдан ўтказилади. Кунига 4–5 марта бир қошиқдан ичилади. Ёки бир чой қошиқ туйилган илдиз 300 г араққа солиниб, иссиқ жойда 7 кун тиндирилади. Сузғичдан ўтказилади. Кунига 3 маҳал 25 томчидан ичилади.

Оқ переступень (шоли ўт) бир ошқошиқ туйилган илдизи 300 г араққа солинади, иссиқ жойда 7 кун сақланиб, сузғичдан ўтказилади. Эрталаб ва кечқурун овқатдан кейин 25 томчидан ичилади.

Катта қончўпнинг туйилган гиёҳдан 1 ошқошиғини 1 стакан қайноқ сувда дамланиб, 15 дақиқа тиндирилгандан сўнг, сузғичдан ўтказилади. Овқатдан олдин кунига 3 маҳал 2 ошқошиқдан ичилади. Муолажа муддати 2–3 ҳафта. ўртача катталикдаги 2 та лимон ва 2 та пўртаҳол майда қилиб тўғралади, уруғлари олиб ташланади ва гўшт қиймалагичдан ўтказилади. Олинган қиймага 2 ош қошиқ асал аралаштирилади. Уй ҳароратида бир кеча-кундуз шиша идишда тиндирилади, сўнг музлатгичга қўйилади. Кунда 2–3 маҳал 1 ошқошиқдан чой билан ичилади.

Яримта лимонни арчиб, тўғралади, 1 стакан арча баргли настойка солинади (1 ошқошиқ нинабаргни 1 стакан қайнатилган сувга солиб, 1 соат дамланади, сузғичдан ўтказилади) ва эрталабки наҳорда нонуштагача ва нонуштадан сўнг 1 соат ўтиб ичилади. Муолажа 3–4 ой давом эттирилади. Кўк чой ҳам инсультга дучор бўлган беморларга яхши самара беради. Чой ичаётганда босимни кузатиб туриш керак!

Инсультда қўлланиладиган суртмалар

Халқимиз азалдан инсульт бўлганда тез ёрдам сифатида бошга музли пуфак қўйишган, уни баданнинг фалаж бўлган томонига қарама-қарши томондан қўйилади.
Шол бўлган оёқларга кунига бир неча марта ҳар қандай учувчан суртма суртган фойдали (1 миқдор ўсимлик мойи аралаштириш мумкин). Кўпинча шу мақсадда эфирдан фойдаланишади, бироқ уни қўллаётганда эфир тез ёнувчан эканини унутмаслик керак.

Лавр япроғи – 30 гр туйилиб, 1 стакан ўсимлик ёғига солинади ва ҳар куни силкитиб-силкитиб, 2 ой давомида иссиқ жойда сақланади. Сузғичдан ўтказилиб, қайнаш даражасида қиздирилади. Ҳар куни фалаж бўлган жойларга суртилади.
Суртма: дафна япроғи кукуни – 6 миқдор, можжевельник (пахта, қайин, арча) барглари – 1 миқдор, сариёғ – 12 миқдор.
Фалаж бўлган жойларга кунига 2 мартадан суртилади.

Жигарранг наъматак. Унинг илдизи қайнатмасига фалаж бўлган жой ванна қилинади. Бемор тузалаётган тикланиш даврида кунора ванна қилинади. Муолажа муддати – 20–30 ванна. Сув ҳарорати 37-38 С бўлиши керак.

Maqolaga baho bering
[Total: 7 Average: 2.4]
Загрузка...

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan