Аборт [лот. abortus – бола ташлаш] – аёлларда ҳомиладорликнинг дастлабки 28 ҳафтасида бачадондан ҳомила тушиши. 28 ҳафтадан илгари туғилган бола яшамайди. Абортнинг эрта (ҳомиладорликнинг 12 ҳафтаси ичида керакли даво чоралари кўрилмаганда бола тушиши) ва кечикиб (13-27 ҳафта ичида бола тушиши) содир бўлиши кузатилади. Аборт сунъий ва ғайриихтиёрий бўлади. Сунъий бола тушириш аёлнинг ўз истаги ёки соғлиғига қараб ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасига қадар, тиббий сабабларга кўра эса бундан кечроқ муддатларда туғруқхоналарда амалга оширилади. Ғайриихтиёрий аборт (бола ташлаш) сабаблари: 1) ўткир ва юқумли касалликлар, масалан, терлама, безгак, бруцеллёз, захм ва бошқа(лар); 2) она билан ҳомила қони резус факторининг мос келмаслиги (она қонида резус фактор манфий, ҳомилада мусбат бўлиши); 3) умумий касалликлар (юрак, қон томирлари, ўпка ва нафас аъзолари, буйрак, эндокрин без касалликлари); 4) жинсий аъзо касалликлари (тухумдон фаолиятининг бузилиши); бунда сариқ тана гормони кам ишланиб чиқиб, бачадон мушакларини қисқартирувчи омиллар, жумладан, фолликулин кучайиб кетади, натижада аборт рўй беради; 5) ички жинсий аъзоларнинг турли сабаблар билан яллиғланиши; 6) аёл таносил аъзосининг етарли ривожланмаганлиги (инфантилизм); 7) турли шикастлар (ҳомиладорлик вақтида йиқилиш, оғир юк кўтариш, лат ёйиш ва ҳ. к. ); ҳомиладорнинг бирор нарсадан қаттиқ қўрқиши, ҳаяжонланши. Бола тушиши ҳомиланинг бачадондан кўчиш даражасига қараб турлича кечади. Аборт хавфи туғилганда бел оғриб, жинсий аъзодан бироз қон келади, бачадон ҳомила муддатига номувофиқ катталашади; тўғри даво қилинса, ҳомиладорликни сақлаб қолиш эҳтимоли ортади. Бундай ҳолат бошланаётганида оғриқ сезилиб, қон келади, бачадон таранглашади. Бунда ҳам ҳомила тирик бўлса, ҳомиладорликни сақлаб қолиш имкони мавжуд. Бу жараён жадаллашганида лахта-лахта қон келади, бачадон таранглашади, қисқаради. Чала абортда ҳомила бутун чиқмай, унинг кўчмаган қисмлари бачадон ичида қолади, кўп қон кетади, бачадон ҳомиладорлик муддатига нисбатан кичик бўлиши кузатилади. Тўлиқ абортда ҳомила бутун тушади; қон келиши тез тўхтайди, бачадон кичраяди. Агар ҳомила нобуд бўлиб, бачадон қисқариши жуда суст кечса, ҳомиланинг ажралиши ва тушиши узоқ вақтга чўзилиши мумкин (чўзилган аборт ). Бунда бачадондан анча вақтгача қон кетади, гоҳида ҳомила бачадон деворидан кўчади, бироқ бачадон бўйин каналининг ташқи тешиги ёпиқ бўлса, бўйин каналида тўхтаб қолади ва бу бачадон бўйнига бола тушиши дейилади. Гоҳида ҳомила нобуд бўлса ҳам (бачадон қисқармаса), тушмаслиги мумкин. Атрофидаги сув шимлиб, ўзи бужмайиб, мўмиёсимон бўлиб қолади ва у ёпилиб қолган аборт дейилади. Бола тушишига инфекция сабаб бўлганида, Инфекция ҳомилани зарарлаб, бачадон ва бошқа(лар) жинсий аъзолар билан биргаликда қорин пардаси яллиғланади, ҳомиладорнинг иситмаси кўтарилади. Септик абортда микроблар она организмига қон орқали тарқалиб, беморнинг аҳволини оғирлаштиради. Ўз вақтида чора кўрилмаса, она нобуд бўлиши эҳтимоли юқори бўлади.
Республикамизда касалхоналардан ташқарида аборт қилиш – тақиқланади ва жиноят ҳисобланади. Аёлни абортга мажбур этган шахслар ҳам жиноий жавобгарликка тортилди.
[addtoany]