Инфекция

Инфекция [лот. inficere – юқтирмоқ, бузмоқ, заҳарламоқ] – патоген микроб (ёки вирус) нинг одам ёки ҳайвон организмига кириши, кўпайиши ва, айни вақтда, микроб билан организм ўртасида ўзаро мураккаб муносабат вужудга келиши. «И.» атамаси баъзан бошқа маънода – касаллик юққан пайтни, инфекцион касалликни, унинг микробини ифодалаш учун ишлатилади.

Инфекциянинг пайдо бўлиши ва ўтишида патоген микроорганизмларнинг қуйидаги хусусиятлари муҳим роль ўйнайди: 1) спецификлиги, яъни муайян биологик турнинг организмда яшаши (масалан, қизамиқ вируси фақат одам организмида паразитлик қилади) ва фақат ўзи учун характерли инфекцион касалликни қўзғатиши; 2) вирулентлиги, яъни касалликка нечоғли сабаб бўла олиши; 3) муайян аъзоларда (аксари ички аъзоларда) жойлаша олиши (масалан, гонококк сийдик йўллари билан кўз шиллиқ пардасида; менингкокк мия пардаларида, дизентерия таёкчалари йўғон ичак деворида яшаб кўпаяди). Инфекциянинг пайдо бўлиши ва ўтишида макроорганизмнинг хусусиятлари ва ижтимоий шароит муҳим роль ўйнайди (қ. Инфекцион касалликлар).

Одам организми микроб киришига бефарқ бўла олмайди. Одам ва ҳайвонлар организми ҳар хил физиологик ва иммунологик механизмлари борлиги туфайли кўп микробларга табиий чидамли бўлади (тери ва шиллиқ падалар кўп микробларни ўтказмайди, безлардан ишланиб чиқадиган шилимшиқ, меъда шираси, ўт, кўз ёши ва ш. к. баъзи бактерияларни, вирусларни ўлдиради ва ҳ. к.). Одам ва ҳайвонлар организми касаллик микробларининг киришига жавобан иммунитет реакцияларини ривожлантиради (фагоцитлар микробга нисбатан специфик фаоллашади, антителолар ишлана бошлайди, аллергия вужудга келади).

Касаллик юккан киши (бемор, баъзан соғлом одам) ёки ҳайвонлар инфекция манбаи бўлади (масалан, ич терламага бемор ёки бактерия ташувчи киши, қутуриш касаллигида микроблар юккан ит ва бошқа(лар) ҳайвонлар инфекция манбаидир).

[addtoany]