Аффект

Аффект [лот. aftectus – руҳий ҳаяжон, эҳтирос] – турли ташқи ёки ички таъсирлар асосида тез пайдо бўлиб, қисқа муддатли, аксарият ҳолларда «портлаш» тарзида бўладиган кучли ифодаланадиган ҳиссий ҳолат (қўрқинч, даҳшат, ғазаб ва бошқа(лар)). Аффект тушкунлик, танг вазиятларда юзага келади. Бу ҳолатда ички аъзолар фаолияти ўзгаради, кескин ифодали ҳолатлар пайдо бўлади, кишининг онг доираси тораяди, хулни назорат қилиш қобилияти йўқолади. Аффект физиологик ҳам, патологик ҳам бўлиши мумкин. Физиологик турида да киши ўз хатти-ҳаракатини идора эта олиши, кейинчалик барча воқеаларни хотирасида сақлаб қолиши мумкин. Патологик аффект кўпроқ руҳий касалликларда кузатилади. Баъзан руҳий соғлом одамларда ҳам кузатилиши мумкин. Патологик аффектда барча хатти-ҳаракатлар киши хотирасида сақланмайди, шахснинг хатти-ҳаракатлари онг томонидан назорат қилинмайди. Одамда аффект фақат унинг жисмоний ҳолати, биологик эҳтиёжлари ва инстинктлари кабиларга боғлик омиллар туфайли эмас, балки унинг ижтимоий муносабатларининг бузилиши туфайли хам юзага келиши мумкин. Масалан, адолатсизлик, бевафолик, ҳақорат ш. к. ҳолатларда. Баъзан бу ҳолат бирор салбий ҳолатни юзага келтирувчи вазиятларнинг такрорланавериши натижасида ҳам содир бўлади. Бундай вазиятларда А. аккумуляцияси ҳолати рўй беради ва окибатдада у кучли, бошқариб бўлмайдиган хулқ даражасига кўтарилиши мумкин (эффектив портлаш).

Аффектни ўрганиш суд-психиатрик ҳамда суд-психологик экспертиза амалиётида жиноий хатти-ҳаракатларнинг асл сабабини аниқлашда зарурий шартлардан бири бўлиб, адолатли ҳукм чиқаришда катта аҳамиятга эга.

[addtoany]