Афюн [аслида юн. abijum – мудратувчи, ухлтувчи], опий, «қора дори» – 1) кўкнорини хомрок кўсагини тилиб кўйганда ундан оқиб чиқиб, ҳавода қорайиб қотган, сутсимон шираси. Таркибида морфий, папаверин, кодеин, тебаин, наркотин ва 20 га яқин бошқа алкалоидлар бор. Дам-бадам қабул қилиб турилса, бошқа наркотиклар каби унга ўрганиб қолиш мумкин. Бу ҳаёт учун хавфли. Афюн препаратлари тиббиётда оғриқсизлантирувчи дори сифатида ишлатилади. У, асосан, таркибидаги морфий билан таъсир этади.
Афюн қадимдан маълум. Барди (папирус)га ёзилган қад. Миср ёзувларида (мил. ав. 1552 й.) дори сифатида тавсия этилган. Теофраст (мил. ав. 3- а.), Диоскоридус-Дискуридис (мил. ав. 77 й.) ҳам ўз асарларида афюн дори эканлигини айтиб ўтишган. Афюн дастлаб дори сифатида Кичик Осиёнинг жанубий-шарқида, Европада ишлатилган ва «опий» деб аталган. Юнонлардан араблар ва Яқин Шарқдаги бошқа халқлари «афюн» шаклида кирган (ўзбеклар «қора дори» ҳам дейишади). Абу Бакр Розий, Абу Али Ибн Сино, Ибн Байтор, Довувди Антокийларнинг асарларида ҳам афюннинг тиббий нафи, ишлатилиш усуллари баён этилган. Хитойда афюнни тутатиб чекиш расм бўлган. Бу одат кейинчалик Ҳиндистон ва Эронга ҳам ўтган. У кучли наркотик бўлганлиги учун ҳамма мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам уни истеъмол қилиш тақиқланган. Уни ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланган кишилар жиноий жавобгарликка тортилади; 2) баъзан заҳар, оғу маъносида ишлатиладиган сўз.
[addtoany]