Агалактия

Агалактия [юн. а – инкор қўшимчаси, gale – сут] – эмизикли аёлнинг кўкрагида сут бўлмай қолиши. Агалактия, асосан, сут безларининг етарли ривожланмаганлиги ҳамда организмда ички секреция безлари фаолиятининг бузилиши, масалан, жинсий безлар ва гипофиздан чиқадиган гормонлар ўртасидаги мувозанатнинг йўқолиши, айрим аъзоларнинг касалланиши натижасида юзага келади. Нотўғри овқатланиш, кучли ҳаяжон, қўрқув ва асабийлашиш ҳам бу касалликкага олиб келиши мумкин. Агалактия нисбатан кам учрайди, кўпроқ гипогалактия, яъни сут камайиб қолиш ҳодисаси юз беради.

Агалактияни даволаш учун сут безини массаж қилиш (уқалаш), ўз вақтида ва бекаму кўст овқатланиш, тиниқиб ухлаш ва дам олиш лозим. Бу ёрдам бермаса, шифокор тавсияси билан болани бошқа аёл эмизиши ёки гўдаклар учун мўлжалланган сутли овқатлар билан боқиш тавсия қилинади.

[addtoany]