Актиномицетлар

Актиномицетлар, нурсимон замбуруғлар – шохланган ҳужайралар ёки гифларни ҳосил қилувчи бактериялар. Улар тузилишида замбуруғларга хос хусусиятлар ҳам мавжуд. Актиномицетларга чин актиномицетлар, микобактериялар, стрептомицетлар ва бошқа(лар) киради. Уларнинг 700 та яқин тури бор. Улар субстратдан нурсимон ўсиб чиққан ингичка ипчалардан иборат (нурсимон замбуруғ номи шундан келиб чиққан). Ипча (мицелий) шохчаларининг учида спорлар бўлиб, актиномицетлар шу споралардан кўпаяди. Тупроқ, сув ҳавзалари, ҳаво ва ўсимлик қолдиқларида учрайди. Айримлари одам ва ҳайвонларда (актиномикоз, сил, дифтерия), шунингдек, ўсимликларда паразитлик қилади. Антибитикларни ҳосил қилувчи турлари (асосан, стрептомицетлар), пигментлар, витаминлар ва ш. к. дан микробиология саноатида фойдаланилади, дори-дармонлар (антибиотиклар) олинади.

[addtoany]