Алалия

Алалия [юн. а – инкор қўшимчаси ва lalia – нутқ] – бош мия катта ярим шарлари пўстлоғидаги нутқ зоналарининг чала ривожланиши ёки зарарланиши сабабли болаларнинг тилга кирмаслиги ёки яхши сўзлай олмаслиги. Бола бошининг она қорнидалигида ёки туғилиш чоғида жароҳатланиши, гўдаклик даврида оғир касалликлар билан оғриши ва бошқа(лар) касалликка сабаб бўлади. Бунда бола нутқи узоқ вақт ривожланмайди: 5-7 ёшгача, айрим ҳолларда 10-12 ёшгача боланинг тили чиқмайди. Алалиянинг мотор ва сенсор хиллари мавжуд. Сенсор алалия камдан-кам, мотор алалия эса кўпроқ учрайди. Мотор алалияда бола кам ва нотўғри гапиради, унга қаратилган нутқий тушунади. Айрим товушларни талаффуз қилгани билан товуш бирикмаларини ўзлаштира олмайди, бутун сўз ўрнига унинг бир қисмини айтади (масалан, мушукни «му» дейди) ва ҳ. к. Сенсор алалияда бола атрофдагиларнинг нутқини ёмон тушунади ёки мутлақо тушунмайди. Бунда бола нутқининг ниҳоятда бузилиши улғайгани сари руҳий тараққиёти ҳам ўз тенгдошларидан ортда қолишига олиб келади. Бу касалликка йўлиққан болалар махсус мактабларда алоҳида усул билан ўқитилади. Натижада, гарчи узоқ вақт давомида бўлса ҳам, уларнинг кўплари (мотор А. га йўлиққанлари) нутқи тузалиб, одатдаги мактабларнинг ўқув дастурини ўтадилар.

Загрузка...