Аминлар

Аминлар – аммиакдаги водород атомларнинг органик радикалларга алмашинишидан ҳосил бўлган бирикмалар. Аммиакдаги нечта водород атоми радикалга алмашинганига қараб, бирламчи, иккиламчи ва, ниҳоят, учламчи аминлар дейилади. Аминлар молекуласидаги аминогуруҳ сонига қараб моноаминлар, диаминлар ва триаминларга бўлинади. Улар, аммиак сингари, асос хоссаларини намоён қилади, лекин ароматик аминлар аммиакка нисбатан анча кучсиз, алифатик А. эса кучли бўлади. Улар одатда, нитробирикмаларни қайтариш ёки карбонсувларнинг галогенли ҳосилаларига аммиак таъсир эттириш йўли билан олинади. Улар ичида энг аҳамиятлиси ароматик А. дир. Уларнинг баъзилари табиатда эркин ҳолда алкалоидлар, аминокислоталар тарзида учрайди. Улар бўёқ саноатида, пластмассалар олишда, тиббиётда жуда кўп қўлланиладиган сульфаниламид препаратлар олишда ишлатилади (яна к. Биоген аминлар).