Анальгетиклар (анальгетик моддалар) – оғриқни қолдирувчи ёки камайтирувчи дорилар; фармакологик таъсирига кўра наркотик ва наркотикмас анальгетиклар фарқ қилинади. Наркотик анальгетикларга морфий, омнопон ва унинг синтетик ўриндошлари (промедол, фенадон ва бошқа(лар)) киради; улар турли оғриқлар, жумладан, шикастланиш ва бошқа(лар) ҳоллардаги кучли оғриклани ҳам қолдиради. Наркотик оғриқ қолдирувчилар такрор-такрор қабул қилинганда одам унга ўрганиб, кўмсадиган бўлиб қолади ва бу наркоманияга сабаб бўлиши мумкин. Нонаркотик анальгетикларга кимёвий тузилиши турлича бўлган синтетик моддалар (амидопирин, анальгин, фенацетин, ацетилсалицилат кислота, парацетамол ва бошқа(лар)) киради; бу хил оғриқ қолдирувчининг наркотик А. га қараганда оғриқ қолдирувчи таъсири кучсизроқ бўлиб, асосан, невралгия тусидаги оғриқларда, миалгия (мушаклар яллиғланишига, тиш ва бош оғриғида ишлатилади. Нонаркотик А. оғриқ қолдириш билан бир қаторда иситма тушишига ва яллиғланишни бартараф этишга ҳам ёрдам беради.