Антибиотиклар [анти… ва юн. bios – ҳаёт] – баъзи Микроорганизмлар (замбуруғлар, бактериялар), ҳайвон тўқималари ва айрим юксак ўсимликлар ҳаёт фаолияти натижасида ҳосил бўладиган ва турли хил микробларнинг ўсиши ҳамда ривожланишини тўхтатадиган органик моддалар. Антибиотиклар касаллантирувчи (патоген) микроблардаги моддалар алмашинувини бузиб, уларни ўлдиради ёки ўсишини тўхтатади. Улар турли микробларга турлича таъсир этади. Масалан, бир антибиотик маълум бир микробга кучли таъсир этгани ҳолда, бошқа микробга кучсиз таъсир қилади ёки бутунлай таъсир қилмайди; антибиотикларнинг кўпчилиги фақат микробларни эмас, балки одам, ҳайвон ва ўсимлик организмини (тўқима ва ҳужайраларини) ҳам емиради. Шу боис тиббиёт, ветеринария ва ўсимлишуносликда унинг фақат зарарли микробларни ўлдирадиган, аммо одам, ҳайвон ва ўсимлик организмини емирмайдиган турларигина ишлатилади. Биринчи антибиотик препарат (тиротрицин)ни 1939 й. да Дюбо тупроқда яшовчи Bacillus brevis номли бактериядан олди. 1941 й. да инглиз олими X. Флори билан А. Флеминг моғор замбуруғи (Penicilium пошит) нинг бульон фильтратидан пенициллин, Г. Ф. Гаузе ва М. Г. Бражникова 1942 й. да тупроқ бактерияларидан грамицидин, 3.А. Ваксман 1944 й. да Streptomyces griseus номли замбурудан стрептомицин олишга муяссар бўлди. Ҳозиргача антибиотикларнинг 2000 дан ортиқ тури аниқланди ва бу иш давом эттирилмоқда. Амалиётда фақат 10-20 таси [пенициллин, стрептомицин, окситетрациклин, цефалоридин, эритромицин, левомицетин ва бошқа(лар)) қўлланилмоқда. Антибиотиклар турли Микроорганизмларга бир кадар ўзига хос таъсир кўрсатади. Масалан, пенициллин граммусбат Микроорганизмларга, стрептомицин эса, аксинча, грамманфий Микроорганизмларга кучлироқ таъсир этади. Таъсир доираси кенг антибиотиклар, масалан, тетрациклинлар бир қанча бактерияларга қарши таъсир қилади. Пенициллиннинг таъсири микроб ҳужайраси деворининг синтезини тормоз қилишг а боғлиқ эканлиги маълум. Бошқа бир қатор антибиотиклар микроб ҳужайрасида оқсиллар ва нуклеин кислоталар биосинтезининг махсус босқичларига аралашади. Антибиотиклар стафилококк ва стрептококклар пайдо қиладиган Септик касалликлар, зотилжам, ич терлама, тошмали терлама, вабо, сил каби турли юқумли касалликларни даволаш ва олдини олиш учун кучли воситадир. Улар, айниқса, нафас йўллари, меъда, ичак, сийдик йўли ва жинсий аъзолар касалликларини даволашда яхши наф беради. Баъзи антибиотиклар парранда, чўчқа ва бузоқлар ўсишини тезлатиш, овқатнинг ўзлаштирилишини орттириш мақсадида уларнинг асосий овқатига қўшимча қилиб берилади. Антибиотиклар ҳужайрага танлаб тормозловчи таъсир кўрсатганидан биокимёвий жараёнларнинг айрим босқичларини, ҳужайра ўсишини таъминлайдиган ДНК, РНК, оқсиллар ва ҳужайра девори синтези ҳамда фаолияти орасидаги муносабатларни аниқлашда муҳим аҳамиятга эга. Улардан озиқ-овқат саноатида (консервалаш) ҳам кенг фойдаланилади.
[addtoany]