Антидотлар, зиддизаҳарлар [юн. antidoton – заҳарга қарши] – организмга ҳар хил йўллар билан кирган заҳарли моддаларни заҳарсизлантирувчи кимёвий моддалар. Улар хилма-хил бўлиб, заҳарланган организмга турли (ичиш, суртиш ва ҳ. к.) йўллар билан юборилади. Организмга кирган заҳар қонга шмилиб улгурмасдан уни чиқариб юбориш ёки нейтраллаш чораси кўрилади: меъда ювилади, антидотлар юборилади (масалан, одам кислоталардан заҳарланганда натрий бикарбонат, магний оксид каби ишқорлар, ишқорлардан заҳарланганда эса лимон кислота ёки лимон шираси, сирка, суюлтирилган сирка кислота ва бошқа(лар) ичирилади), Заҳар қонга шимилиб кетган бўлса, нейтралланади ёки заҳарсизлантирилади: қонга глюкоза юборилади ва махсус чоралар кўрилади, масалан, маргимуш (арсен)ли моддалар (люизит), оғир металл тузлари (сулема ва бошқа(лар))дан заҳарланганда қонга унитиол, цианидлардан заҳарланганда амилнитрит, фосфорорганик моддалар (хлорофос ва бошқа(лар)), заҳарли қўзиқорин (мускарин)дан заҳарланганда атропин юборилади.
[addtoany]