Антисептика

Антисептика – жароҳатларни ва уларни тозалаб даволашда ишлатиладиган асбобларни кимёвий моддалар билан юқумсизлантириш усули. 1867 й. да инглиз олими Ж. Листер француз бактериолог Л. Пастер тажрибаларига асосланиб операцион хона ҳавосидаги, жарроҳ қўлидаги ва жароҳатга ишлатиладиган нарсалар (дока, жарроҳлик асбобларидаги бактериялани йўқотиш билан жароҳатларни кўпгина асоралардан сақлаб қолиш мумкин, деган хулосага келди. Бунинг учун у 5 % ли карбол кислота эритмасига ҳўлланган бир неча қават боғлов ишлатди. Антисептик кимёвий препаратлар юза ва чуқур қўлланилади. Юза антисептикада жароҳат ва бўшлиқлар хлорамин, хлорацид, водород пероксид, калий перманганат ва бошқа(лар) моддалар эритмаси билан ювилади ёки жароҳат юзасига антисептик суртмалар (масалан, A. В. Вишневский мази) суртилади. Чуқур антисептикада эса авж олаётган жароҳат атрофидаги тери остига антисептик суюқликлар (фурацилин, риванол ва бошқа(лар) эритмалар), тери ости, мушак ичи ёки венага антибиотиклар сингари антисептик моддалар юборилади. Иккала ҳолда ҳам микроблар ё ўлдирилади, ёки уларнинг ҳаёт фаолияти учун ноқулай шароит тўлдирилади. Ҳозирда унинг механик физик, кимёвий ва биологик усуллари мавжуд. Антисептика жарроҳлик даво усулининг ажралмас таркибий қисмидир.

[addtoany]