Асфиксия

Асфиксия [юн. а – инкор қўшимчаси ва sphyxia – пульс], бўғилиб қолиш – организмда кислород етишмай карбонат ангидрид кўпайиб кетиши натижасида пайдо бўладиган касаллик ҳолати. Асфиксияга нафас йўлларининг ички ёки ташқи томондан тўсилиб қолиши (масалан, бўғма касаллигида кекирдак ва бронхларга шилимшиқ тикилиб қолганда, нафас йўлларида ёт жисмлар, қусуқ массаси туриб келганида томоқ бўғилганида), нафас мушакларининг фалажланиши ёки узоқ вақт тортишиб қолиши сабаб бўлади. Асфиксияда нафас йўллари ўтказувчанлигининг бузилиши натижасида зарарланган кишининг юзи кўкариб, баъзан тўқ зангори ёки қорамтир тусга киради. Аввалига эс-ҳуши жойида бўлиб, нафас йўллари ўтказувчанлигини тиклашга уринади: қаттиқ йўталади, оғир аҳволдан қутулишга ҳаракат қилади, бора-бора ҳушини йўқотади ва ҳ. к. Асфиксиянинг дастлабки аломатлари пайдо бўлганда дарҳол тез тиббий ёрдам чақириш керак.

[addtoany]