Ассимиляция

Ассимиляция [лот. assimililio – биркиш, ўзлаштириш, ўхшатиш] – (биол . д а) тирик организмлар учун хос бўлган моддалар алмашинувининг бир томони, ташқи муҳитдан олинадиган моддалардан организм учун зарур мураккаб моддалар ҳосил бўлиши. Ассимиляция – тириликнинг энг асосий хусусиятларидан биридир. Ассимиляция жараёнида организмнинг ўсиши, ривожланиши ва янгиланишида энергия манбаи сифатида фойдаланиладиган моддалар тўпланиши таъминланади. Термодинамика нуқтаи назаридан организмлар очиқ тизим бўлиб, уларга ташқи муҳитдан энергия келиб туради. Тирик организмлар учун қуёш нури дастлабки энергия манбаи ҳисобланади. Ер юзида учрайдиган барча тирик организмлар энергия манбалридан фойдаланиш хусусиятларига кўра автотроф вагетеротроф гуруҳга ажратилади. Фақат автотрофлар (яшил ўсимликлар) қуёшнинг энергиясидан фотосинтез жараёнида органик моддалар (карбонсувлар, оқсиллар, ёғлар) синтез қилиши мумкин. Хемосинтеловчи микроорганизмлардан ташқари барча организмлар (гетеротрофлар) тайёр органик моддаларни А. қилади, яъни улардан энергия манбаи ёки қурилиш материали сифатида фойдаланади. Ассимиляция жараёнида гетеротрофлар организмида оқсиллар дастлаб аминокислотларгача парчаланади, яъни биологик индивидуаллик хусусиятини йўқотади, сўнгра ҳар бир организмнинг ўзи учун хос бўлган оқсиллар синтезланади. Тирик организмда уни ташкил этувчи қисмларнинг янгиланиши парчаланиш (диссимиляция) ва синтезланиш (Ассимиляция) туфайли тўхтовсиз давом этади. Масалан, катта ёшдаги одам организмида оқсиллар тахм. 2,5 йил давомида тўлиқ алмашинади. Ассимиляциянинг жадаллиги ва бу жараённинг диссимиляцияга нисбати организмлар тури ҳамда ёшига боғлиқ. Ассимиляция организмлар Ўсаётган даврда, яъни ёш ҳайвонлар организмида, ўсимликларнинг бутун ҳаёти давомида жадал кечади. Ассимиляция анаболизм жараёнига ўхшаш, лекин ундан озиқнинг истеъмол қилиниши ва организмда озиқ моддаларнинг тўпланиши, яъни ҳужайрадан ташқарида борадиган жараёнларни ҳам ўз ичига олиши билан фарқ қилади.

Загрузка...