Атараксия

Атараксия [юн. ataraxia – хотиржамлик] – юнон этикасида руҳий осойишталик, хотижамликни билдирувчи тушунча. Демокрит таълимотни атараксия ҳаёт ташвишларидан, ўлим, қўрқув ва ҳар қандай руҳий ҳаяжондан холи бўлган, кишида эҳтирослар устидан ақл ҳукмронлик қиладиган ҳолатни англатади. Атараксияга оид ғоялар кейинчалик Эпикурнинг ахлоқий таълимотда ривож топди. Унинг фикрича, атараксия ҳаётнинг энг олий идеали бўлган донишманд шахснинг ички ва ботиний эркинлик ҳолатидир. У ҳаёт қувончларидан лаззатланишга ва ҳузур қилиб ором олишга ундайди. Скептиклар (масалан, Пирон) фикрича, инсон бахти – ҳаёт воқеаларига бепарво караш, хотиржам ҳаёт кечиришга ўганишдир. Тиббиётда атараксия беморнинг хотиржам, тинч ва безовта бўлмасдан дам оладиган ҳолатини ифодалайди. Шу сабабли шифокорлар унга муолажанинг маълум қисми сифатида ҳам карайдилар.