Азот мувозанати – организмга бир кеча-кундузда овқат таркибида кирган азот билан ундан ташқарига чиққан (сийдик ва нажас билан) умумий азот орасидаги тафовут. Вояга етган организмнинг меъёрий ҳолатида азот мувозанати мавжуд. Ўсаётган ёш организм мусбат азот мувозанатига эга, яъни унинг ташқарига чиқараётган азоти қабул қилган азотидан кам. Етилган катта организм тўла азот мувозанатида бўлади, яъни бир кеча-кундузда қабул қилинган азот миқдори ташқарига чиқарилган азот миқдорига тенг бўлади. Манфий азот мувозанати овқат билан қабул қилинган азот етишмаганда, айниқса, баъзи аминокислоталар овқатда етарли бўлмаганда, айрим касалликларда кузатилади. Бунда ташқарига чиқарилган умумий азот овқат билан қабул қилинган азотдан кўп бўлади.
[addtoany]