Даволаш бадан тарбияси

Даволаш бадан тарбияси – тиббиёт бўлими; касалликларни даволаш ва олдини олишда жисмоний машқлар ва табиий омилларни, шунингдек, физиотерапия ва массажни биргаликда қўллаш. Механотерапия, меҳнат билан даволаш ва даво массаж» даволаш бадан тарбиясининг таркибий қисмидир. Бу муолажа куч-кувватни тикловчи даво; уни тўғри қўллаш беморнинг тез соғайиб кетишига, иш қобилиятини тиклашга ва уни фаол меҳнатга кайтаришга ёрдам беради. Даволаш бадан тарбиясига турли жисмоний машқлар: гимнастика (анча жўн ва беморга мос), спорт (чанғида ва пиёда сайр этиш, сузиш ва бошқалар) ва очиқ ҳавода ўтказиладиган ўйинлар (волейбол, теннис, баскетбол) киради. Махсус танланган машқлар муолажанинг асосий воситасидир. Жисмоний машқпарни бажариш ва организмни чиниқгиришда табиий омиллар – сув, ҳаво ва куёшдан фойдаланилади. Даволаш бадан тарбияси ҳаракат фаолияти пасайган, кам қувват, узоқ вақт бетоб ётган беморларга буюрилади. Даволаш бадан тарбияси операциядан кейинги организмни тиклаш даврида, акушерликда, нафас, овқат ҳазм қилиш, юрак-томир, нерв тизими, таянч-ҳаракат аъзолари, ривожланиш нуқсонлари ҳамда моддалар алмашинувининг бузилиши билан боғлик касалликларни даволашда қўлланилади. Даволаш бадан тарбиясини фақат даволовчи шифокор буюради, машғулотлар соҳа бўйича мутахассислар томонидан олиб борилади.

[addtoany]