Дабба – қорин бўшлиғидаги аъзолар (кўпинча чарви ва ичакнинг чов канали орқали ёрғоқа (мояк халтасига) тушиб қолиши, чурранинг бир тури. Чов каналининг кенгайиши ва мояк хусусий пардасининг битмай қолиши оқибатида дабба туғма бўлиши мумкин. Қорин деворининг баъзи соҳасидаги айрим мушакларнинг суст ривожланганлиги, киши озиб ёки семириб кетганда мушак тўқимасининг ёғ тўқимаси билан алмашиниши сабабли қорин деворининг бўшшиб қолиши ва шу даврда қорин бўшлиғидаги босимнинг ортиши касаллик ривожланишига имкон беради. Даббанинг сабаблари маҳаллий ва умумий бўлади. Буларга чов соҳасининг тузилиш хусусиятлари (маҳаллий), оғир юк кўтариш, қабзият, доимо кучаниш (умумий) ва ҳ. к. киради. Ёрғокка тушган чарви ва ичак кисилиб қолганда (Дабба кисилганда) ўз вақтида операция қилинмаса, ичак тутилиши мумкин. Дабба кисилиб қолганда тез ёрдам чақириш керак. Касаллик ҳатто ҳеч безовта қилмаганда ҳам операция қилиш лозим. Беморнинг соғлиғи операцияга имкон бермаганда бандаж тақиб юриш тавсия этилади. Олдини олиш: семириб ёки озиб кетишдан сақланиш, оғир юк кўтармаслик, қорин деворини мустаҳкамлайдиган махсус машқлар (врач тавсияси билан) қилиб туриш керак.
[addtoany]