Экотизим

Экотизим [юн. oikos – уй, яшаш жойи ва тизим], экологик тизим – биргаликда яшайдиган организмлар ва улар яшайдиган шароит мажмуи. Экотизимда унинг таркибий қисмлари ўзаро қонуний боғланган. «Э.» атамасини инглиз ботаниги А. Тенсли таклиф этган (1935). А. Тенсли таъбирича, экология нуқтаи назаридан экотизим ер юзидаги табиий бирлик бўлиб, унга барча организмлар билан бир қаторда физик омиллар мажмуи, яъни биомуҳит (кенг маънода яшаш муҳити) омиллари мажмуи ҳам киради. Олим экотизимда улар таркибига кирувчи организмлар ҳамда организмлар билан анорганик муҳит ўртасида ҳар хил тарзда моддалар алмашинуви бўлиб туришини кўрсатган.

«Э.» тушунчасини ҳар хил мураккаблидаги ва ўлчамдаги объектларга нисбатан қўллаш мумкин. Масалан, ҳовуз, қўл экотизимси билан бирга соҳил бўйи ўсимликлари ёки сув туби экотизим сини кўрсатиш мумкин. Ўрмон ҳам Э., унинг чегарасида ҳар хил тилдаги тупроқлар, чириётган тўнкалар, тўшалма ва бошқа(лар) Э. ни ажратиш мумкин. Кўпинча, «Э.» тушунчасига тирик организмлар билан улар яшайдиган муҳитнинг нотирик компонентлари тарзида қаралади. Экотизимнинг тирик ва нотирик компонентлари ўртасида продуценлар, консументлар ва редуцентлар иштирокида моддаларнинг биотик айланиши содир бўлиб туради. Экотизим атамасини сунъий Э. (қишлоқ хўжалиги далалари, боғлар, хиёбонлар, оқова сувларни биологик тозалайдиган иншоотлар ва бошқа(лар))га нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Экотизим ўзига хос хусусиятларни узоқ вақт давомида сақлаб турадиган ўта турғун ёки қисқа муддатли (масалан, эфемер сув ҳавзалари, кўлмак сувлар) бўлиши мумкин. Мураккаблик даражасидан қатьи назар Э. турлар таркиби, унга кирадиган организмлар сони, биомассаси, айрим трофик гуруҳлар нисбати, органик моддаларнинг ҳосил бўлиши ва парчаланиш жараёнларининг тезлиги билан тавсифланади. Экотизим чегараси ва уларда кечадиган моддалар айланиши жараёнлари турли даражада рўй беради. Экотизим атроф муҳитдан фақат энергия эмас, балки кўп ёки оз миқдорда моддалар келиб тугандагина мавжуд бўлади. Барча Э. биргаликда ер биосферасини ташкил этади.

20-а. ўрталарига келиб экологик муаммоларнинг кескинлашуви натижасида Э. нинг функционал хусусиятларини ўрганиш бўйича тадқиқотлар кенг миқёсда олиб борича бошланди. Экотизим структураси, маҳсулдорлиги ва турғунлигини тушуниб олиш учун улардаги трофик боғланишни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Трофик боғланишлар орқали Э. да моддаларнинг биологик трансформацияси амалга ошади. Замонавий усуллар, хусусан, Э. ни математик моделлаштириш орқали бу жараёнлар жадаллиги ва самарадорлигини миқдорий жиҳатдан аниқлаш табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва одам яшайдиган муҳитни сақлаб қолиш масалаларини ҳал этишда муқим аҳамиятга эга. Кўп ҳолларда биогеоценоз атамаси ҳам Э. атамаси синоними сифатида ишлатилади.

Загрузка...