Эгизаклар

Эгизаклар – она организмида бир вақтда ривожланган 2, 3 ёки ундан ортиқ ҳомила. Эгизаклар туғилишида ирсий омилларнинг ҳам роли катта (қ. Ирсият). Эгизакларнинг битта Тухумдан (бир тухумли эгизаклар) ёки 2 та (баъзан ундан ҳам кўп) Тухумдан ривожланадигани маълум (икки тухумли эгизаклар). Бир тухумли эгизаклар 2 ядроли тухумҳужаранинг сперматозоид билан оталанишидан ёки 2 ядроли сперматозоид бир ядроли тухумҳужарани оталантириши натижасида ривожланади. Баъзан тухум ҳужайралар 3 та, 4 та (ва ундан ортиқ) ядро тутса, учта тўртта ва ҳ. к. Эгизаклар ривожланиши мумкин.

Бир Тухумдан ривожланадиган эгизаклар плацетаси битта, уларнинг жинси (фақат қиз ёки фақат ўғил болалар), қон гуруҳлари бир ва ташқи қиёфаси бир-бирига жуда ўхшаш бўлиб, ҳатто энг яқин кишилари ҳам уларни бир-бирдан аниқ ажрата олмайди.

Икки тухумли, яъни ҳар хил Тухумдан ривожланадиган Э. бир вақтда етилган ва алоҳида уруглар билан оталанган 2 ва ундан ортиқ тухум ҳужайрадан ҳосил бўлади; плацентаси алоҳида-алоҳида, бир ёки ҳар хил жинсли бўлиши мумкин. Ирсий жиҳатдан улар «ака-ука», «опа-сингил», «ака-сингил»дек ўхшаш бўлиб, икки ва кўпроқ тухумлар бир вақтда етилгадагина пайдо бўлади.

Она қорнида Э. ривожланаётганлигини, асосан, ҳомиладорликнинг иккинчи ярмидагна ҳомилада юрак уриши эшитилиши вақтида аниқлаш мумкин; ҳомиладор организмида бир қатор ўзгаришлар, кўпинча, токсикоз белгилари, вақтидан олдин тутиб қўйиш каби ҳолатлар ҳам кузатилади. Шу боис эгизак тугаш эҳтимоли бўлган аёллар тез-тез аёллар консультацясига бориб туришлари ва туғишдан 7-10 кун илгари туғруқхонага келиб етишлари лозим.

Кўп ҳомилалик нормал кечганда туғруқ вақтида деярли ҳеч қандай асоратлар кузатилмайди (қоғоноқ сувининг вақтдан илгари кетиб қолиши, суст дард тутиши ва бошқа(лар) нохушликлар бундан мустасно). Кўпинча, Э. нинг вазни ва бўйи бир-биридан фарқ қилиши мумкин, бу, асосан, плацентадан келган озиқ модданинг тенг тақсимланмаганлиги билан боғлиқ. Вақтидан олдин туғилган Э. ни авайлаб парвариш қилиш талаб этилади (қ. Гўдак, Чала туғилган бола).

Эгизакларни овқатлантириш муҳим аҳамиятга эга, уларни эмизганда навбатма-навбат гоҳ у кўкраги, гоҳ бу кўкракни бериш, кўкрак сути емаса, чақалоқларга мўлжалланган сутли омиталардан фойдаланиш зарур.

Эгизакларни овқатлантириш ва парвариш қилиш, албатта, болалар шифокори маслаҳатига кўра олиб борилади.

[addtoany]