Экзема

Экзема [юн. ekzema – пуфакча, тошма], гўш – терининг аллергик касаллиги (қ. Аллергия). Нерв ва эндокрин тизим фаолиятининг бузилиши, организмда сурункали инфекция манбаи бўлиши (тонзиллит, гайморит ва бошқа(лар)), шунингдек, меъда-ичак касалликлари оқибатида организм сезувчанлигининг ортиши ва бошқа(лар) экземага сабаб бўлади. Экзема ўткир бошланиб, кейин сурункали тус олиши ва кайталаши мумкин. Экземанинг оддий (вульгар), сурункали, контактли, микробли ва ҳ. к. шакллари бор.

Оддий экзема ўткир кечганда касаллик тўсатдан бошланади. Дастлаб тери қилишади, қизариб, бироз шишади ва унда тарикдек тугунчалар, дўсти юпқа пуфакчалар пайдо бўлади. Бемор қашинганда пуфакчалар тез ёрилиб, улардан тиниқ суюқлик чиқади. Тошмалар сувланиши натижасида янги пуфакчалар ҳосил бўлаверади (нам экзема). Кейин сувланиш камаяди, тошмалар усти котиб, 3-5 кундан кейин тушади. Тошмалар ўрни узоқ вақт қипиқланиб, пўст ташлаб туради. Экземада баъзан зарарланган тери сувчираб, атрофида майда тугунчалар, пуфакчалар ҳамда кипиқланадиган тангачалар вужудга келади. Яллиғланган жойга инфекция тушса, йиринглайди.

Сурункали экземада зарарланган тери аста-секин қалинлашиб кўкаради, пўст ташлайди, кпиқланади. Кўпинча, (ўткир экзема дагидан камроқ) майда тугунча ва тошмалар ҳам кузатилади. Тошма аксари юзда, қўл, оёқ бармоқларида, бўйин ва таносил аъзоларида учрайди. Бу хил экзема қўзиб, ўткир экземага айланиши, тошма бутун танага тарқалиши ҳам мумкин. Контактли экзема аксарият терининг турли омилларга таъсирчалигидан келиб чиқади, бармоқлар, билак ва юз терисида учрайди, дастлаб тошма тошиб, тери шишади ва сувсизланади.

Микробли Э. кўпроқ юзаки пиодермия иккиламчи яллиғланиб, Э. га айланганда, оқма яра, куйган жой ва чипқон атрофида юзага келади. Бу Э. тизза, бармоқлар, юз териси ва сонда кузатилади. Айрим ҳолларда (пиодермия ва бошқа(лар) тери касаллиги бор беморларда) Э. нинг бу тури кичишиб, усти кипиқланадиган катта-кчик думалоқ ёки чўзинчоқ доғлар экзематидлар шаклида юзага келади.

Тошмалар ангина, грипп, ўткир ичак касалликларидан сўнг ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Себореяли Э. (мойли гўш) кўпроқ соч, юз, бўйин, қўлтиқ, тақим ва бошқа(лар) соҳа терисида бўлади. Касалланган терида мойлангандек ялтироқ, усти қипиқли сарғимтир-қизғиш доғлар ҳосил бўлади. Бош қичийди, кепакланади, кўз миллари қизариб, шишади. Касаллик узоқ чўзилади. Болалар Э. си экссудатив-катарал диатез билан оғриган болаларда кузатилади. Аксарият чилласи чиқмаган гўдакларда учраши туфайли «чилла яра» ҳам дейилади. Боланинг боши, юзи, кўкрагига тошма тошиб, сув очади, қаттиқ қичишади, бошида қасмоқ кўпайиб, териси қизариб, яллиғланади. Тошма соғ терига ҳам тарқаши мумкин. Болалар гуши, одатда, болани нотўғри овқатлантириш натижасида келиб чиқади.

Кўпинча, Э. билан оғриган бемор ва унинг ота-оналарида айрим овқат маҳсулотлари: балиқ, тухум, цитрус мевалар, шунингдек, уй чанги, гул ҳиди, кир ювиш порошоги, бирор дорига нисбатан ўта юқори сезувчанлик аниқланади; бу хилдаги омиллар касаллик пайдо бўлиши ёки унинг бот-бот қўзиб туришига сабаб бўлади.

Нотўғри овқатланиш, асабийлашиш, руҳий изтироб ва бошқа(лар) нохуш омиллар таъсирида касаллик зўрайиши ва соғ терига тарқалиб кетиши мумкин.

Экземани шифокор даволайди. Сут, ўсимлик маҳсулотларидан тайёрланган парҳез таомлар тавсия этилади; шўр, аччиқ, дудланган овқатлар ва спиртли ичимликларни чеклаш, шунингдек, карбонсувларни имкони борича кам истеъмол қилиш лозим. Экзема бўлган бемор вақтинча касалланган жойига сув, совун текизмаслиги керак. Экземаси бор кишилар вақтида ухлаб, вақтида дам олиши, кўпроқ сайр қилиб организмни чиниқтириши ва тўғри овқатланиши зарур. Экземанинг олдини олишда овқатланиш тартибига риоя қилиш; Э. пайдо бўлишига олиб келадиган омилларни бартараф этиш, ички касалликлар бўлса, вақтида даволатиш, айниқса, муҳим.