Экспериментал психология – психик ҳодисалар ва жараёнларни илмий усуллар ёрдами билан тадқиқ қилиш. Психологиянинг фан сифатида фалсафадан ажралиб чиқишида экспериментал тадқиқотлар ўтказиш асосий роль ўйнаган. 19-а. нинг ўрталарида илк бор сезги, идрок юзасидан тадқиқотлар олиб борилган. Экспериментал психологиянинг фан сифатида ажралиб чиқишига немис олими В. Вундт катта ҳисса қўшган. Илк экспериментал тадқиқотлар ўзини ўзи кузатиш услуби ёрдами билан шахснинг ички майллари, мотивлари, фикр юритишига бағишланган. Кейинчалик текширишлар турли ҳайвонларда ўтказила бошлаган. Кўп тадкикотларни АҚШлик Т. Л. Морган, Э. Л. Торндайк ва бошқа(лар) олиб борганлар. Экспериментал психология мураккаб тадқиқот (кўп шкапали, кўп босқичли) усуллари, услублари (ишончлилиги, кафолатлилиги, тест ёки ретест хусусиятига эгалигини ташқари электрон ҳсоблагичлар, техник асбоблар ва мосламалар, содда ёки мураккаб тузилган махсус аппаратлар, замонавий техника ва технологияларга асосланади. Экспериментал психология ёрдамида психик фаолияларгина эмас, шу билан бирга, шахс ҳиссиёти, эмоцияси, шахсий хусусияти, диққат, хотира, идрок сингари билиш жараёнлари ҳам тадқиқ қилинади. Экспериментал психология тадқиқотлари натижалари психология соҳалари назариясини ишлаб чиқишда асос бўлиб хизмат қилади. Олимлардан Ф. Гальтон (1822-1911), Д. Кеттел (1860-1944), Э. Толмен (1886-1959), Г. Роршах (1884-1984), А. Бине (1857-1911), П. Жане (1859-1947), Ж. Пиаже (1896-1980) ва бошқалар экспериментал психологиянинг ривожланишига муҳим улуш қўшганлар.
[addtoany]