Эмоция

Эмоция [франц. emotion, лот. emoveo – ларзага келтираман, ҳаяжонлантираман] – одам ва ҳайвонларнинг ташқи ва ички қўзғатувчилар таъсирига нисбатан субъектив реакциялари. Эмоция қониқиш ёки қониқмаслик, қувонч, қўрқув ва бошқа(лар) шаклларда намоён бўлади. Эмоция ихтисослашган мия тузилмаларининг фаол ҳолатидан иборат бўлиб, одам ва ҳайвонларда бу ҳолатни минимал ёки максималлаштириш (кучайтириш, такрорлаш) истагини пайдо қилади. Э хусусияти зарур эҳтиёж ва уни кечиктириш имконияти билан белгиланади. Эҳтиёжни кечиктириш эҳтимоли кам бўлганида эмоция салбий (қўрқув, ғазаб) шаклда намоён бўлади. Аксинча уни қондириш эҳтимоли кутилганига нисбатан юқори бўлганида эмоцияга ижобий тус (қониқиш, қувонч) беради. Миянинг турли қисмларига электр токи таъсир эттириш орқали дастлаб ҳайвонларда, кейинчалик одамларда салбий ва ижобий Э. пайдо қиладиган нерв марказлари аниқланади. Бу марказлар, асосан, бош мия пўстлоғининг олдинги қисмида, лимбик тизими (узунчоқ мия, оралиқ мия, ўрта миянинг бир қанча тузилмалари мажмуига, марказий кулранг модада ва гипоталамусда жойлашган.

Эмоция ўрганиш, ҳосил бўлган шартли релексларни мустаҳкамлаш жараёнида бениҳоя катта аҳамиятга эга. Эмоция билимларни ўзлаштириш (зеҳн) чегарасини кенгайтиради; хотирани фаоллаштиради, одам ва ҳайвонлар коммункациясида кўшимча восита (мимика, нутқ ёки товуш интонацияси ва бошқа(лар)) бўлади. Одамда олий ижтимоий эҳтиёжлар асосида пайдо бўлувчи дифференцион ва турғун Э. лар, одатда, ҳиссиёт деб аталади.

Загрузка...