- /
- /
- /
Эндоплазматик тўр
Эндоплазматик тўр, эндоплазматик ретикулум – эукариотлар ҳужайрасининг мембранали умумий органоиди. АҚШ олими К. Портер фибробластлар эндоплазмсида кашф этган (1945). Унинг нафис тузилиши электрон микроскоп кашф этилганидан кейин ўрганилган. Эндоплазматик тўр ҳужайрада ўзаро туташган бир қават мембрана билан цитоплазмадан чегараланган майда вакуолалар ва найчалар тизимидан иборат. Эндоплазматик тўр қалинлиги 5-7 нм, кўпинча, ядронинг ташқи мембранаси ва ҳужайра мембранаси билан туташган. Эндоплазматик тўр силлиқ (агрануляр) ва донадор (грануляр) бўлади. Силлиқ эндоплазматик тўр мембранасида рибосомалар бўлмайди. Силлиқ эндоплазматик тўр липидлар ҳосил бўлиши ва тўпланишида, гликоген алмашинувида, триглицеридлар, строид гормонлар синтезида, заҳарли моддалар тўпланиши ва ажратилишида қатнашади. Мушак толаларидаги силлиқ эндоплазматик тўр саркоплазматик тўрни ҳосил қилади. Бу тўр Са ионларини отиб чиқариш ёки тўплаш орқали мушакларнинг қисқариши ва бўшашини бошқариб туради. Донадор Э. т. мембранаси рибосомалар жойлашган найчалар ва ясси қопчиқлардан иборат. Донадор Э. т. мембраналарига бириккан рибосомалар комплекси – полирибосомаларда оқсил синтезланади. Синтезланган оқсиллар Гольжи комплексида тўпланади ёки ҳужайрадан ташқарига чиқарилади. Синтезланган оқсиллар дастлаб донадор Э. т. найчаларига тушиб, у ердан АТФ сарфи ҳисобига ҳужайранинг бошқа қисмларига ташилиши ёки началарда тўпланиб, модификацияга учраши мумкин. Донадор Э. т. оқсил синтезлайдиган аъзолар (меъда ости бези, сўлак безлари ва бошқа(лар)) ҳужайрасида кўп бўлади; ихтисослашган муртак ҳужайраларида бўлмайди.