Эпителий

Эпителий [эди… ва юн. thele – сўрғич], эпителий тўқимаси – кўп ҳужайрали ҳайвонларда – танани ва тана бўшлиғини қплаб турувчи, кўпчилик безларнинг асосий функционал таркибини ташкил этувчи тўқима. Эмбриогенезда эпителий ҳар уччала муртак варақлридан ҳосил бўлади ва тана қоплоғичи, уларнинг ҳосилалари ҳамда кўпчилик безларнинг ҳосил бўлишида қатнашади. Эпителий тез эскириб қолиши туфайли кучли регенерация қилиш хусусиятига эга. Эпителий базал мембрана билан чегараланган, унда Томирлар бўлмайди; озиқ моддаларни унга яқин жойлашган бириктирувчи тўқимадан олади. Эпителий чекловчи, ҳимоя, моддалар алмашинуви (сўриш, ажратиш), секрет ажратиш вазифасини бажаради.

Вазифасига биноан, қопловчи ва секретар Э. га ажратилади. Қопловчи Э., ўз навбатида, бир қаватли, кўп қаватли ва оралиқ қаватли бўлади. Бир қаватли Э. ҳужайралари базал мембрана билан боғланган (меъда ва ичак девори, мезотелий тана бўшлиғини ўраб турадиган Э.). Кўп қаватли Э. нинг фақат ички қавати базал мембрана билан қопланган (тери Э. си), оралиқ (2 қаватли) Э. нинг ташқи кўриниши аъзо девори чўзилишига қараб ўзгариб туради (масалан, қовуқ, сийдик чиқариш йўли Э. си). Секретар Э. эса безларда бўлади. Эпителий ҳужайрасининг тузилиши унинг секретарлик фаолияти билан боғлиқ.

Эпителий шаклига биноан, ясси, кубсимон ва цилиндрсимон бўлади. Шимувчи Э. ҳужайраси сирти туксимон жиякли, ҳилпилловчи Э. да ҳилпилловчи киприклар бўлади. Ҳимоя вазифасини бажарувчи Э. учун мугузлашиш хусусияти, безли эпителий учун донадор эндоплазматик тўр ва Гольжи комплексининг ривожланиши хос.

[addtoany]