Фенотип

Фенотип — организмнинг барча ташқи белгилари ва хоссалари йиғиндиси. Фенотип генотип ва ташқи муҳит шароитларининг ўзаро таъсири натижасида юзага чиқади. «Ф.» атамасини Дания генетиги В. Иогансен таклиф этган (1903). Фенотипда барча генотипик имкониятлар рўёбга чиқавермайди, чунки бу жараён муайян шароитда генотип намоён бўлишининг хусусий бир ҳолати ҳисоблайди. Шу сабабдан ҳатто бир Тухумдан ривожланган, генотипи бир хил бўлган эгизаклар ҳар хил шароитда ўсганида уларда сезиларли фенотипик фарқларни кузатиш мумкин. Микроэволюция жараёнида табиий ташланиш индивидларнинг фенотипи бўйича боради. Шу боис популяциялар ичида чегараси генотип томонидан белгилаб бериладиган, кенг реакция нормасига эга бўлган индивидлар, ёхуд қатъий генотип билан белгиланадиган, керакли фенотипга эга бўлган индивидлар танланади. Генотипик ўзгарувчанлик кузатилмаган ҳолларда Ф. бўйича танлаш натижа бермайди. Бунга В. Иогансенинг соф линияларда ўтказган танлаш тажрибаси яққол мисол бўлади.

[addtoany]