Фагоцитоз

Фагоцитоз [юн. phagos – ёйиш, озиқланиш ва cytos – ҳужайра] – бир ҳужайрали организмлар ёки кўп ҳужайралиларнинг айрим ҳужайралари томонидан бегона микроскопик тирик организмлар (бактериялар, ҳужайра парчалари), қаттиқ заррачаларнинг фаол қамраб олиниши ва ютилиши (Пиноцитоз билан солиштириш). Заррачаларни қамраб олиб ҳазм қилиш хусусияти тубан организмлар озиқланишининг асосини ташкил этади. Бу хусусият эволюция давомида бириктирувчи тўқиманинг муҳофаза фаолиятини бажарадиган ихтисослашган ҳужайралар – фагоцитларга ўтган. Фагоцитоз ҳодисасини дастлаб И. И. Мечников аниқлаган (1882). Айрим ҳайвонлар ооцитлари, йўлдош ҳужайралари, тана бўшлиғи деворини коплаб турадиган ҳужайралар ва кўз эпителийси пименти ҳам фаол фагоцитоз қилиш хусусиятига эга. Фагоцитоз кетма-кет келадиган бир неча жараёнлар: Ф. қилинаётган объектга яқинлашув, объектнинг фагоцит ҳужайра сиртига ўрнашиб олиши, ютилиши ва ҳазм қилинишидан иборат. Фагоцитозда ҳужайра мембранаси ёт заррачаларни ўраб олади ва цитоплазма ичига сўриб олиб, фагосмалар ҳосил қилади. Лизосомадан фагосомага гидролитик ферментлар келиб қўйилади, ютилган объектни ҳазм қилади. Ҳазм қилинмаган озиқ қолдиғи узоқ вақт ҳужайра ичида қолиши мумкин. Фагоцитоз, асосан, яллиғланиш жараёнларида, жароҳатнинг битиб кетишида носпецифик иммунитет сифатида муҳим аҳамиятга эга. Баъзан «Ф.» ва «пиноцитоз» атамалари эндоцитоз номи билан ягона тушунчага бирлаштирилади.

[addtoany]