Фагоцитлар [юн. phagos – ютувчи ва …цит] – одам ва ҳайвонлар бириктирувчи тўқималаридаги ҳимояга ихтисослашган, фагоцитоз хусусиятига эга бўлган ҳужайралар. Фагоцитоз ҳодисасини рус олими И. И. Мечников кашф этган (1882). Умуртқасиз ҳайвонларда фагоцитлар вазифасини амёбоцитлар (гемолимфа таркибидаги ҳаракатчан ҳужайралар) бажаради. Умуртқалиларда қоннинг шаклли элементлридан бири – нейтрофиллар (микрофаглар), ретикулоэндотелиал тизим ҳужайралари ва фаол макрофагларга айлана оладиган микролийлар фагоцитлар ҳисобланади. Нейтрофиллар майда зарралар (бактериялар ва бошқа(лар))ни, макрофаглар ўлган ҳужайралар ёки уларнинг қисмларини қамраб олиш, манфий зарядланган бўёқ ва коллоид моддаларни тўплаш хусусиятига эга. Плазматик мембрана билан ўраб олинган заррачалар цитоплазмага ўтгандан сўнг фагосомаларга айланади. Бирламчи лизосомалар фагосома билан қўшилиб, гидролизловчи ферментлар ютилган заррачаларни парчалайди. Фагоцитлар организмнинг носпецифик ҳимоя воситалари сифатида катта аҳамиятга эга.
[addtoany]