Фалаж

Фалаж [араб.], шол – ихтиёрий ҳаракатлар қилиш қобилиятининг йўқолиши; нерв тизимининг органик ва функционал зарарланиши натижасида рўй беради. Фалажга қон айланишининг бузилиши, бош ва орқа миянинг яллиғланиши ёки шикастланиши, нерв тизимининг ўсмалари ва ҳ. к. сабаб бўлади. Мушаклар яллиғланиб, суяк-бўғим аппарати шикастланганда ҳаракатларнинг механик тарзда чекланишини уларнинг фалаж даги бузилишдан фарқлаш лозим.

Аъзонинг қайси қисми зарарланганга қараб периферик (суст) фалаж ва марказий фалаж фарқ қилинади. Марказий фалажда зарарланган қўлнинг букилишини ва зарарланган оёқнинг ёзилишини маълум вазиятда тутиб турадиган мушаклар тортишиб қолади. Периферик нерв тизими касаллиги (яллиғланиш, шикастланиш, қўрғошин, маргимушдан заҳарланиш) оқибатида юзага келган фалаж периферик фалаж деб аталади. Унда мушаклар ингичкалашиб таранглик сусаяди ва заифлашади, қўл-оёқ осилиб қолади, бўғимлар бўшашади. Бундай фалаж бола ёшлигида, масалан, полиомиелитда рўй берса, касал қўл ёки оёқ ўсмайди. Ўтказиб юборилган фалажда бўғимларнинг ҳаракатланиши қийинлашади, у қўл-оёқнинг нотўғри ҳолатда бўлишига олиб боради, бу эса, кўпинча, ҳаракатланишни фалаж дагидан ҳам баттарроқ оғирлаштириб қўяди.

Калла-мия нервлари касаллигида (яллиғланганда, шикастланганда калла суяги ичига, мияга қон қўйилганда) юз мушаклари фалажи рўй бериши мумкин. Масалан, кўз соккаси мушаклари фалаж ида бемор кўзига нарсалар иккита бўлиб кўринади, юз нерви невритида юзнинг тегишли ярмида мимика мушакларининг ҳаракати йўқолади, тил ости нерви зарарланганда тил мушаги Ф. и келиб чиқади, бемор гапириш ва овқатланишга кийналади. Фалаж бўлган беморга шифокор назорати остида даво қилинади. Бунда, асосан, қон айланиш аъзолари ҳамда марказий ёки периферик нерв тизими касалликлари даволанилади. Фалаж ёки парез (чала Ф.) туфайли ўз фаолиятини йўқотган қўл ёки оёқ тўғри бкилиб-ёзиладиган, тирсак ва тизза бўғими, бамоклар, оёқ панжаси бироз букиладиган, кафт олди-билак бўғими ёзиладиган ҳолга келтирилади. Қўл-оёқнинг тўғри ҳолатда бўлишини сақлаш учун юмшоқ болишча (пахтани қаттиқ қилиб ўраб устидан мато билан тикиб қўйилади) ёки пластик материалдан қилинган шина ишлатилади. Бироқ касал қўл-оёқ ҳаракатсиз қолмаслиги лозим. Шу сабабли биринчи кундан бошлаб енгилроқ гимнастика қилиниб, касал қўл ёки оёқ бўғимлари галма-галдан букиб-ёзлади, буни беморнинг ўзи бажариши мумкин. Машқлар ҳам ҳаракатнинг тикланишига ёрдам беради, бунда бемор бир вақтда ҳам соғлом, ҳам касал қўл-оёғини ҳаракат килдиришга уриниши, қўл-оёқда ҳаракат пайдо бўлса, уни кучайтира бориши керак. Бемор кун сайин жуда бўлмаса 1-2 см ошиқрок юришга ҳаракат қилиши, мушаклар кучая бориши билан қўлга оғир келмайдиган машқлар (резина лента, эспандер, резина копток ёрдамида) бажариши лозим. Юклама (нагрузка)ни боскичма-босқич кучайтира бориш яхши натижа беради, зўр келадиган машкларга шошиб ўтиш ярамайди, акс ҳолда, ҳаракатларнинг танланиши тўхтаб қолади.

Машқлар тартибини даво физкультурсини ўтказувчи мутахассис тузади. Кучсиз қўл-оёқдаги ҳаракатларни осонлаштириш учун ортопедик аппаратлар ишлатилади. Даво Ф. га сабаб бўлган асосий касалликка қараб олиб борилади, даволаш бадан тарбияси, массаж, дри-дармон ва бошқа(лар) физиотерапевтик муолажалар буюрилади.

Фалаж ва парезларнинг олдини олиш, асосан, уларнинг ривожланиши ва асорат қолдиришига сабаб бўладиган касалликларни бартараф этишдан иборат. Болаларни полиомиелитга қарши эмлаш, айниқса, катта аҳамиятга эга (қ. Эмлаш).

[addtoany]