Физиотерапия

Физиотерапия [юн. physis – табиат ва therapy – даволамоқ] – клиник тиббиётнинг бир соҳаси; табиий (қуёш нури, ҳаво, сув, шифобахш балчиқ) ва сунъий физик омиллар (электр токи, магнит майдони, сунъий ёруғлик манбалари, ултратовуш ва бошқа(лар)) таъсири механизмини ўрганади ва уларни даволаш-профилактика мақсадида қўллаш усулларини ишлаб чиқади.

Қад. Шарқ мамлакатлари, хусусан, Юннистон ва Қад. Римда табиий омиллардан (айниқса, қуёш, маъданли сув) даво мақсадида фойдаланилган. 18-а. га келиб физиканинг ривожланиши ва электр токи кашф этилиши туфайли физиотерапия, асосан, электр билан даволаш вужудга келди. Кейинчалик гальваник ток (гальванизция, электрофорез), асимметрик ўзгарувчи ток (франклинизация), юқори частотали ток (дасонвализация, диатермия) каби физик омиллар кашф этилиб, даво амалиётида қўлланила бошланди.

Физиотерапия тиббиётнинг илмий-амалий махсус бўлими сифатида ривожланди. И. М. Сеченов, Н. Е. Введенский, И. П. Павлов ишларида физиотерапиянинг назарий асослари ёритиб берилган. Илмий ва амалий физиотерапиянинг кейинги ривожига Ўзбекистонда М. Файбушевич, Я. Қ. Мўминов, Р. А. Каценович, 3. Д. Долимов ва бошқа(лар) катта ҳисса қўшдилар.

Кейинги йилларда Ўзбекистон олимлари (Н. М. Мажидов, Қ. И. Иўлдошев, A. Л. Аляви, С. Н. Бобожонов, Г. А. Содиқова, М. Ю. Алиохунова, 3. Р. Зуннунов ва бошқа(лар)) томонидан гидраэроионизация, ултратовуш, қуёш ва сунъий қизил импульсли ҳамда когерент нурлари, иқлим, маъданли сувлар, бишофит, бентонит, магнит, шифобахш ўсимликлар билан даволаш усуллари, шунингдек, физиотерапевтик муолжаларни ҳужайра даражасида тажрибавий ўрганиш кенг йўлга қўйилди. Физиотерапияда даволаш мақсадида ташқи муҳитнинг табиий (ландшафт, иқлим, ёруғлик, сув, пелоидлар) ва сунъий физик омиллари (электр ва механик энергиянинг ўзгартирилган усули) ишлатилади.

Физик омиллар одамга унинг бутун эволюцион тараққиёти давомида таъсир этган. Шу боис физиотерапевтик даво тадбирлари дори моддаларига қараганда организмга физиологик жиҳатдан кўпроқ ижобий таъсир этади ва нохуш ўзгаришлар кам кузатилади. Физиотерапевтик омиллар организмга энг кичик дозада берилганда аъзолар махсус ҳимоя тизими, яллиғланиши қарши жараёнларни тиклаб, катта терапевтик самарага эришиши мумкин. Физик омилларнинг аъзоларга таъсири замирида тнада ҳосил бўлувчи махсус биокимёвий реакциялар ётади. Физиотерапевтик муолажаладан нафас, юрак-кон томир тизими, овқат ҳазм қилиш, бўғим, нерв тизимлари ва бошқа(лар) хасталиларнинг олдини олиш ҳамда даволаш мақсадида фойдаланилади.

Замонавий физиотерапияда паст, юқори, ультраюқри ва ўрта юқори частотали магнит, электр ва электромагнит майдонларидан (индукттермия, УЮМ – терапия ва бошқа(лар)), турли ёруғлик нурлари (инфрақизил нурларидан тортиб ультрабинафша ва монохроматик когерент лазер нурларигача), механик тебранишлар (инфратвушлардан ультратовушларгача) ва бошқа(лар)дан ҳам фойдаланилади.

Кенг қўлланиладиган физиотерапевтик омилларга гальванизация, дорили электрофорез, электроуйқу, ДДТ, интерференц ток, амплипульс терапия, флюкторизация, дарсовализация, индуктотермия, ультратовушли терапия киради.

Ундан ташқари, иқлим билан даволаш, аэротерапия, гелиотерапия, талласотерапия, псаммотерапия, тузли ғор, гидротерапия, шифобахш лой билан даволаш, механотерапия ва бошқа(лар) табиий физиотерапевтик омиллардан ҳисобланади.

Ҳоз. Ўзбекистонда Республика ихтисолаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг Термиз филиали, шунингдек, тиббиёт Йилларининг физиотерапия кафедраларида катта илмий изланишлар олиб борилмоқда.

[addtoany]