Фрустрация

Фрустрация [лот. frustratio – алданиш, режаларнинг барбод бўлиши] – муаммони ҳал қилиш ёки мақсадга эришиш йўлидаги фаолиятни издан чиқарувчи руҳий ҳолат. У кишининг мақсадга эришиши йўлида учрайдиган, объектив равишда енгиб бўлмайдиган ёки субъектив равишда шундай туюладиган қийинчиликлар туфайли пайдо бўлади. Фрустрацияни келтириб чиқарувчи сабаблар фрустратор дейилади. Фрустрация ҳолати фрустраторнинг кучига, жадаллигига боғлик. Фрустрация ҳолатида шахснинг вазиятни тўғри баҳолаш қобилияти муҳимдир. Шу боис турмушнинг ноқулай таъсирларига қарши курашиш учун одам феъл-атворида барқарорликни шакллантириш лозим. Фрустрация ҳам бошқа руҳий ҳолатлар сингари киши феъл-атворига хос ёки янги хислатларнинг бошланишини кўрсатувчи, шунингдек, ўткинчи ҳолат бўлиши мумкин. Фрустрация, асосан, салбий ҳиссиётлар уйғотади. Фрустрациянинг турлари: тажовузкор ҳолат, апатия, депрессив ҳолат, ғамгинлик туйғуси, ўзига ишонмаслик, кучсизлик, маъюслик ва бошқа(лар) Ф. нинг тажовузкор ҳолати, кўпинча, ўзини тута олмайдиган, қўпол одамга хос бўлса, депрессия ҳолати ўзига ишонмайдиган шахсга тааллуқлидир. Баъзан оғир табиатли кишиларда ҳам шу хилдаги ҳолатни вужудга келтириш мумкин, лекин бу вазият узоққа чўзилмайди.

[addtoany]